Капитал бозорининг профессионалари муаммоларни ва истиқболли имкониятларни муҳокама қилишди
2021 йил 9 сентябрь куни «Ўзбекистон Республикасида капитал бозори» мавзуига бағишланган халқаро конференция мувофақиятли бўлиб ўтди.
Мазкур кенг кўламли тадбирда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларусиянинг илғор тижорат ва инвестиция банклари, суғурта ва инвестиция компаниялари, бошқа молиявий ташкилотларнинг жами 180га яқин вакиллари ва экспертлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Молия вазирлигининг раҳбарияти иштирок этди.
Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Рустамович Исаков ўзининг кириш нутқида анжуман қатнашчиларига мамлакатда капитал бозорини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан қонунчилик базаси ва бозор инфратузилмасини яхшилаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Ўзбекистонда молия бозори инфратузилмаси ва бозорни тартибга солишга бағишланган конференциянинг биринчи сессиясида Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раҳбари Баҳодир Атаханов раислик қилди. Мазкур сессияда, мамлакат иқтисодиётида давлатнинг иштироки ҳамон кўплигини инобатга олиб, давлат активларини бошқаришнинг самарадорлигини ошириш, давлат корхоналарини трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёни ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлигининг департамент бошлиғи Алишер Миралиев маълумот берди. У ўз тақдимотида яқин келажакда давлатга тегишли акция пакетлари савдога қўйилиши режалаштирилган корхоналарни санаб ўтди.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раисининг маслаҳатчиси Баҳодир Алимов ва Ўзбекистон республика валюта биржаси бошқарув раиси Рашид Усманов томонидан тадбир иштирокчиларига қимматли қоғозлар бозорида банк ва биржа томонидан эришилган натижалар ва мазкур йўналишда яқин келажакдаги режалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Инвестиция институтлари миллий уюшмасининг аъзолари Freedom Finance, Ansher, Kapital Depozit компаниялари раҳбарлари «Ўзбекистоннинг қимматли қоғозлар бозори: режалар, истиқболлар, имкониятлар» мавзуидаги анжуман сессиясида тақдимот қилдилар. Мазкур сессияда бозордаги муаммолар ва қийнчиликлар батафсил муҳокама қилинди ҳамда малакалий мутахассислар томонидан бозор конъюнктурасини яхшилаш ва мамлакат капитал бозори потенциалидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Республикасида капитал бозори» мавзуига бағишланган III халқаро анжумани Cbonds компаниялар гуруҳи томонидан Инвестиция институтлари миллий уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилди.