Қонун устуворлиги, жазо муқаррарлиги амалда бўлиши шарт!
Инвестиция институтлари миллий уюшмасига фуқаролардан «Toshkentvino kombinati» Акциядорлик жамиятининг устав капиталини ошириш ва қўшимча чиқарилган жамият акцияларини тақсимлаш (жойлаштириш) билан боғлиқ ҳаракатлар бўйича шикоятлар келмоқда. Шикоятларда Жамият акциядорлари умумий йиғилишининг ўтказилиши, шу жумладан йиғилишда қабул қилинган тегишли қарорлар ҳақида маълумотларни ошкор қилинишида қонунбузилиш (чалғитиш) ҳолатларига йўл қўйилганининг аломатлари мавжудлиги қайд этилган.
Шунга кўра, Инвестиция институтлари миллий уюшмаси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан барча манфаатдор шахслар томонидан «Toshkentvino kombinati» АЖнинг 2021 йил 19 апрелда ўтказилган акциядорлар умумий йиғилишини чақириш ва ўтказишда, тегишли маълумотларни ошкор қилишда ҳамда Жамият акциялари билан битимлар ва бошқа операцияларни амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинганлигини атрофлича ўрганиб чиқилишини сўрайди.
Ўз навбатида, юқоридаги ҳолатларни объектив ўрганиш ва барча манфаатдор шахслар ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун Уюшма, қонунчилик доирасида, фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилади.