Фонд бозори ривожланиши учун нима қилмоқ керак?

   Biznes Daily «Биржа» газетасининг 03.03.2022 йилдаги 17(2900) - сонида чоп этилган мақола “Фонд бозори ривожланиши учун нима қилмоқ керак?”:

К
апитал бозорини янада ривожлантириш, корхоналарни фонд бозори орқали хусусийлашти­риш амалиётини кенгайтириш, аҳоли­нинг қимматли қоғозларга инвестиция киритишини рағбатлантириш ва молия бозорида соғлом рақобат муҳитини яра­тиш мамлакатимиз равнақи йўлидаги долзарб масалалардан бирига айланган.

   2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стра­тегияси ва уни жорий йилда амалга оширишга оид давлат дастурида ушбу масала алоҳида мақсад сифатида кўр­сатилгани фикримизнинг яққол ифода­сидир. Тараққиёт стратегияда келгуси 5 йилда фонд бозори айланмасини 200 млн. АҚШ долларидан 7 миллиард АҚШ долларига етказиш кўрсатилган. Бун­да мамлакатимизда капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштириш ҳамда йирик корхоналарни ва улардаги улушлар (акциялар)ни, шу жумладан, фонд бир­жаси орқали хусусийлаштириш каби бир қатор чораларни кўриш кўзда тутилган. Мисол учун капитал ҳаракатини босқич­ма-босқич эркинлаштириш йўлида давлат қимматли қоғозларини норезидентлар томонидан харид қилишга рухсат бериш, корпоратив қимматли қоғозлар бозорида ликвидлиликни ошириш, давлат улуши мавжуд корхоналарда хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтларини жалб қилиш, резидентлар томонидан чет мам­лакатлардаги активларни сотиб олиш ва уларни декларация қилиш тартибини белгилаш мўлжалланган. Капитал бозо­ри инфратузилмасини яхшилаш, давлат қимматли қоғозлар бозорини равнақ топ­тириш, аҳолининг молиявий саводхонли­гини, профессионал иштирокчиларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилган.

    Умуман, шулар сингари кенг қамров­ли вазифаларни бажаришда қандай меха­низмлардан фойдаланиш, қайси ёндашув­ларга таяниш кутилган самарани бериши мумкин? Шу ва бошқа саволлар доираси­даги масалалар ЎзЛиДеП ва унинг пар­ламент қуйи палатасидаги депутатлари ташаббуси билан Давлат активларини бошқариш агентлиги, ушбу агентлик ҳу­зуридаги Тадқиқотлар маркази ҳамда Ин­вестиция институтлари миллий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда атрофлича муҳокама қилинди, мавжуд му­аммолар ва уларнинг ечими хусусида сўз юритилди.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаевнинг таъкидла­шича, таҳлилларга кўра, ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмагани ҳамда зарур қа­рорларнинг қабул қилинмагани оқибатида мамлакатимиз фонд бозорининг ривожла­ниши сустлашди. Шунинг учун ҳам ушбу соҳанинг улуши республикамиз ялпи ички маҳсулотининг 1 фоизига ҳам етмайди. Ваҳоланки, дунё мамлакатларининг акса­риятида фонд бозори ҳиссаси ялпи ички маҳсулот таркибида сезиларли ва ундан ҳам кўп даражани ташкил этади. Бу ҳолат юртимизда ушбу бозорнинг иқтисоди­ётдаги ўрнини кўтариш муҳимлигини англатади. Айни шу сабабдан ҳам охирги йилларда бу масала давлатимиз раҳбари бошчилигидаги мажлисларда кўриб чиқил­моқда, тегишли қарорлар қабул қилиниб, қатор долзарб вазифалар юклатилмоқда. Биргина “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид дав­лат дастурида кўрсатилган топшириқлар ижросини таъминлаш катта меҳнатни та­лаб қилиши табиий. Бунда тегишли идора­лар мутахассислари, соҳанинг профессио­нал иштирокчилари, бу йўналишда илмий таҳлилларни олиб бораётган олимлар ўр­тасидаги ҳамкор­лик муҳим аҳами­ят касб этади. Энг асосийси, бир­галикдаги саъй- ҳаракат олдинга қўйилган мақсад талаблари асосида капитал бозорини ривожлантириш, хусусийлашти­ришни жадал­лаштириш ва ушбу жараёнларнинг шаффофлигига эришишга қаратилган бўлиши лозим.

   Давлат активларини бошқариш агент­лиги директори ўринбосари Бекзод Усмо­нов қайд этганидек, ҳақиқатдан ҳам анча йиллар давомида фонд бозорини ривожлантириш учун ҳаракат қилинган, аммо, бозордаги инструментларнинг етишмас­лиги сабаб самара бермаган. Эндиликда, зарур инструментлар кўпайтирилса, ка­питал назорати йўлга қўйилса, бу жараён либераллаштирилса, акцияларнинг эркин айланмаси миқёси кенгайтирилса фонд бозори енгил нафас олади. Ўз навбатида, буларнинг барчаси хусусийлаштириш­га, акциялар сотувида IPO ва SPO меха­низмларига кўпроқ таяниш заруратига бориб тақалади. Бундан ташқари, бугунги кунда иқтисодиётда давлат улушининг ҳиссаси ҳамон катталигича қолмоқда. Чиқарилган барча акцияларнинг 80 фоизи давлатга тегишлидир. Шунинг учун ҳам бу йўналишда ҳозирда жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Охирги икки йилда кенг кўламли чоралар кўрилди, қа­тор ҳужжатлар қабул қилинди. Айни пайтда 1,5 мингта давлат объектини сотишга қаратилган хусусийлаштиришнинг янги дастури тайёрланмоқда. Лекин бу кўрсат­кич миқдорини ошириш бўйича берилган топшириққа асосан шу йилнинг ўзида яна битта дастур лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, тўғри­дан-тўғри музокаралар орқали амалга ошириладиган битимларнинг шаффоф­лигини таъминлашга, олдиндан эълонлар берилишига, маслаҳатчиларни жалб қи­лишга эътибор кучайтирилмоқда.

   Давлат активларини бошқариш агент­лиги ҳузуридаги Тадқиқотлар маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Игорь Бутиков ўз маърузаси­да фонд бозорини ривожлантириш учун нималарга эътибор зарурлигига урғу берди. Унинг эътирофича, миллий фонд бозорини жонлантириш ва инвестиция салоҳиятини кўтаришда туб ўзгаришлар­дан иборат қарорлар керак. Ҳозиргача қабул қилинган ҳужжатларда кузатилган бир-бирига мос келмайдиган ва бир-бири­ни инкор этадиган ҳолатларни бартараф қилиш учун стратегик тусдаги қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш кон­цепциясини ишлаб чиқиш мақсадга муво­фиқ. Бугунги кунда фонд бозори банклар­нинг кредит бозорига мутлақо рақобатчи эмас. Шунинг учун корхоналарни молиялаштиришда нафақат банк кредитла­ри, балки, қимматли қоғозлар чиқариш орқали маблағ жалб қилиш имконияти­ни тақдим этувчи механизмни яратишга қаратилган қимматли қоғозлар бозори рақобатбардошлилигини ошириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқишнинг вақти келди. Бошқа бир масала бу фонд бозо­рининг ҳудудларда суст даражадалиги би­лан изоҳланади. Фонд биржасининг 2021 йилги маълумотига қараганда, эмитент­лар, битимлар ва қимматли қоғоз­лар сони ҳамда битимлар ҳажми бўйича пойтах­тимиз ва Тош­кент вилояти олдинги ўринларда, қолган ҳудудларда бу борадаги кўрсаткичлар паст ҳолатда. Айрим ҳудудларда инвести­ция воситачиларининг етишмаслигини кўриш мумкин. Буларнинг барчаси фонд бозорини ривожлантиришнинг ҳуду­дий дастурларини ҳаётга татбиқ этишга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, қимматли қоғозлар бозори ҳақи­даги ахборотлар ошкоралиги тизимининг самарасизлиги ҳам ушбу бозор равнақи­га тўсиқ бўлиб ту­рибди. Облигацияларнинг фаол бозори мавжудмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ваҳоланки, облигациялар чиқа­риш ва уларни жой­лаштириш орқали фонд биржасидаги савдолар ҳажмини бир неча баробар­га кўтариш мумкин. Қимматли қоғозлар бозорида клиринг операцияларини амалга ошириш, қиммат­ли қоғозлар билан савдони олиб бориш, қимматли қоғозлар ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш каби кўп қиррали меха­низмни ўзида қамраб олган миллий дастурий маҳсулотнинг йўқлиги ҳам бозор тараққиётига салбий таъсир қилмоқда. Шу боис ушбу дастурни ишлаб чиқиш ва бунда маҳаллий дастурчилар кўмагидан фойдаланиш даркор. Фонд бозоридаги муаммолар ечимида илмий ёндашувнинг йўқлиги, соҳадаги ўткир муаммоларни бартараф этиш жараёнига олимларни жалб қилишга эътиборсизлик ҳам кам­чиликлар сирасига киради.

  Тадқиқотлар маркази бўлим бошлиғи Равшан Қаюмовнинг фикрича, фонд бо­зорини ривожлантириш масаласи молия бозорининг бошқа бўғинлари, яъни, валю­та, кредит ва суғурта бозорлари ривожи ва улар ўртасидаги рақобатни шаклланти­риш билан уйғунликда кўриб чиқилиши даркор. Инвестиция фаолияти, акциядор­лик жамиятлари ҳамда пай ва инвестиция фондларига оид қонунлар инвесторлар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, рискларни пасайтирувчи механизм ва инстру­ментларни яратиш нуқтаи назаридан такомиллаштирилиши лозим. Қимматли қоғозлар нархини баҳолаш механизми­нинг методологик асосини ишлаб чиқиш зарур. Корпоратив қимматли қоғозлар жозибадорлигини ошириш учун корхо­на-эмитентлар рентабеллигини кўтариш мақсадга мувофиқ.

   Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раиси Баҳодир Атаханов маса­ланинг ўзига хос жиҳатларига эътибор­ни қаратди. Унинг қайд этишича, молия бозорининг бўғинлари (сегментлари) бўлмиш банк, суғурта, лизинг ва фонд бозорлари профессионал иштирокчила­ри ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш учун давлатнинг молиявий таш­килотларда акциядор сифатида ишти­рокини, йирик банк ва корхоналарни давлат кўмагида имтиёзли молиялашти­рилишини қисқа муддатларда ва кескин камайтириш лозим. Айрим молия бозори бўғинлари бошқаларга нисбатан давлат томонидан кўпроқ қўллаб-қувватлани­лишига ва уларга устунлик (устуворлик) мақоми берилишига йўл қўймаслик дар­кор. Бунга банк, суғурта, лизинг ва фонд бозори бўйича ҳукумат томонидан алоҳи­да дастурлар қабул қилиш амалиётидан воз кечиб, ўрнига молия бозорининг бар­ча сегментларини қамраб оладиган ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган ягона ривожланиш дастурларини қабул қилиш орқали эришиш мумкин. Б. Атаханов шу­нингдек, молиявий бозор сегментлари бўйича мавжуд барча қонунлар негизида ягона “Молиявий хизматлар тўғрисида”­ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини ўртага ташлади. Унда молиявий хизматлар кўрсатишнинг ягона тамойилларини белгилаш, қонун ва қонун ости ҳужжатларда кенг қўлла­ниладиган “молия бозори”, “молиявий ташкилот”, “молиявий институт”, “мо­лиявий муассаса”, “молиявий компания”, “молиявий инструмент”, “молиявий хиз­мат” ҳамда “капитал бозори”, “капита­лизация”, “инвестиция компанияси” ва “инвестиция банки” каби тушунча ҳамда атамаларга таъриф бериш керак. Бу би­лан келгусида амалиётда бир-бирига зид бўлган турлича талқинлар ва шарҳларга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, фонд биржаси листингига киритилган банклар ва компаниялар томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга доимий котировка шаклланишидан ва ўз фаолияти ҳақи­да ахборотлар тўлиқ, тўғри, вақтида ошкор этилишидан мазкур банклар ва компаниялар ижроия органи ҳамда йи­рик акциядорларининг манфаатдор бўли­шини таъминлаш шарт. Шундагина 2026 йилгача фонд бозори айланмаси саноқли битимлар билан эмас, балки, иккиламчи бозор ликвидлилигини ошириш ҳисоби­га 7 миллиард долларга етказилади.

  Тадбир ташаббускори бўлган ЎзЛиДеП масъуллари эътироф этганидек, тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни талаб даражасида бажариш учун соҳага оид давлат идоралари мутахассислари, профессионал иштирокчилар, бу йўна­лишда тадқиқот ишларини олиб бораётган олимларни кенг жалб қилган ҳолда муҳо­камаларни ўтказиш доимий йўлга қўйила­ди. Пировард мақсад мунозара майдонида билдирилган таклиф-тавсияларни умум­лаштириш, улардан тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда фойдала­нишдан иборат.

Журналист Замира ТОЖИЕВА

Davlat regulyatorlari yangiliklari

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech