Капитал бозори равнақи йўлида

Мамлакатимиз иқтисодиёти­нинг муҳим таркибий қисм­ларидан бири капитал бозори ҳисобланади. Шу боис ҳам кейинги пайтда ушбу бозорни ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш долзарб масалалар қа­торида турибди. Хўш, мазкур бозорнинг ҳозирги ҳолати қандай ва уни тараққий топтириш нималарга боғлиқ?

“Ўзбекистон Республикаси капитал бо­зори” мавзуига бағишланган навбатдаги 5-халқаро анжуманда шу саволлар дои­расидаги масала атрофлича муҳокама қи­линди. Молиявий бозорлар бўйича бизнес конференцияларнинг етакчи провайдери Cbonds-Congress ва Инвестиция инсти­тутлари миллий уюшмаси томонидан таш­киллаштирилган мазкур анъанавий тадбир капитал бозорини тартибга солувчи масъул органлар, маҳаллий ва халқаро банклар, ин­вестиция ва ишлаб чиқариш компанияла­ри, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари вакиллари ҳамда соҳа экс­пертларини, мутахассисларини бир мақсад­да ва ягона майдонда бирлаштирди.

Дастлаб Президентимиз томонидан жо­рий йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган “Капитал бозорини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қа­рорининг мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақи­да маълумот берилди. Ҳужжат асосида зим­масига мазкур йўналишда янги ваколатлар юклатилган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбо­сари Вячеслав Пак таъкидлаб ўтганидек, қа­рордан кўзланган мақсад республикамизда капитал бозорини янада ривожлантириш, унинг инфратузилмасини такомиллашти­риш, инвесторларни капитал бозорига жалб этишни рағбатлантириш ҳамда чет эл сармоядорлари учун маҳаллий фонд бозо­рида қатнашиш тартибини соддалаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Қарорда капитал бозори соҳа­сида “тартибга солиш қумдони” жорий қи­линиши кўрсатилган. Капитал бозорида чет эллик иштирокчиларнинг фаолияти ва опе­рацияларига доир алоҳида қоидалар, қим­матли қоғозлар эгалари тўғрисидаги ахбо­ротлар махфийлигини таъминлаш, уларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш меха­низмлари ҳамда 2023-2025 йилларда капи­тал бозорини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган. Вячеслав Пакнинг қайд этишича, янги қарорда белгиланган вазифалар ижроси соҳада ислоҳотни янада чуқурлаштириш, инвестиция киритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш, мустақил тартибга солувчи органни яра­тишга хизмат қилади.

Давлат активларини бошқариш агент­лиги директори ўринбосари Алишер Ми­ралиев ўз маърузасида шаффоф ва рақамли тизимга ўтиш йўлида давлат корхоналари­нинг фаолияти тўғрисидаги йиғма ҳисобот­ни ҳар йили ошкор қилиш амалиёти жорий этилганлигини урғулади. Шу билан бирга мамлакатимиз тарихида илк бор давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш­нинг фундаментал ҳуқуқий асоси сифатида қабул қилинган “Давлат мулкини бошқа­риш тўғрисида”ги қонуннинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Янги таҳрирдаги корпора­тив бошқарув қоидалари, аҳлоқ кодекси ва бошқа бир қатор ҳужжатлар илғор халқа­ро тажрибалар, шу жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг корпоратив бошқарувга оид тамойиллари асосида ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ эти­лаётганини маълум қилди. Бундан ташқа­ри, мамлакатимиз иқтисодиётида давлат иштирокини қисқартириш, бунда хусусий­лаштириш дастури ва уни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, бир қатор йирик компаниялар ва банкларни халқ IPO­сига тайёрлаш жараёни билан таништирди. Зеро, хусусийлаштириш капитал бозорини жадал ривожлантиришда мустаҳкам пой­девор эканлигини билдирди. Айни пайтда “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун парламент қуйи палатасида қабул қилиниб, Сенатга юборилгани, “Акциядорлик жами­ятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланаётганини айтиб ўтди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмол­чилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев жорий йилнинг 4 октябридан кучга кириши кути­лаётган “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг капитал бозорига бевосита таъсир қилувчи нормаларига тўхталиб ўтди. Қонунга кўра, молия бозори банклар, кредит, суғурта ва бошқа молия ташкилотлари томонидан кўр­сатиладиган молиявий, шунингдек, қиммат­ли қоғозлар бозори профессионал ишти­рокчилари хизматларининг республикамиз ҳудудида ёки унинг бир қисмидаги муома­ла доираси ҳисобланишини таъкидлади. Хўжалик субъектларини қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш каби ҳаракатлар капитал бо­зори иштирокчилари томонидан ҳам амалга оширилишини урғулади. Товар ёки молия бозорида устун мавқе, рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун қўлланила­диган молиявий санкциялар ва жарималар ҳақида гапирди.

“Тошкент” республика фонд биржаси бошқаруви раиси Георгий Паресишвили­нинг маълумотига кўра, ҳозирги муаммо­лардан бири уюшмаган бозорнинг уюшган бозорга нисбатан катта улушни эгаллаётга­ни билан боғлиқ. Масалан, ўтган йили фонд биржасида имзоланган битимларнинг 76 фоизи уюшмаган бозор ҳиссасига тўғри келган. Фонд бозорини ривожлантириш учун унинг уюшган қисми улушини кўпай­тириш керак. Бу борада бироз ўзгариш ку­затилаётган бўлса-да, аммо мақсадга ҳали эришилгани йўқ. Акциялар бозорида биржа савдолари умумий кўламининг катта қисми бир марталик ва йирик битимлардан иборат бўлмоқда. Акциялар бозори капитализа­циясининг ЯИМдаги улуши 13,96 фоизни, эркин муомаладаги акцияларнинг ЯИМда­ги миқдори (free float) эса бор йўғи 0,42 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда ушбу кўрсаткичлар салмоғини ошириш долзарб бўлиб турибди. Унинг эътирофига кўра, бир қатор муаммолар давлатимиз раҳбари­нинг жорий йил 2 сентябрдаги соҳани ислоҳ қилишга оид қарори билан ҳал этилаётгани қувонарлидир. Зеро, унга мувофиқ, давлат ва корпоратив қимматли қоғозлар учун яго­на марказлашган депозитар хизмати ҳамда клиринг тизими йўлга қўйилиши, пул маблағлари Марказий банкнинг тўлов тизими орқали ўтказилиши, фонд ва валюта биржа­лари аъзолари бир вақтнинг ўзида ҳар икки биржа майдончасида савдони амалга оши­риш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда. Георгий Паресишвилининг таъкидлашича, энг яхши реклама бу муваффақиятли IPO­дир. Муваффақиятли IPO учун хусусий­лаштирилаётган корхоналар акцияларини инвесторларга дисконт билан сотиш ҳамда акцияларни тегишли компания жамоаси­га текин ёки дисконт билан бериш муҳим омил ҳисобланади. Президент қарорида ҳам шунга катта эътибор қаратилганини кўриш мумкин, яъни, у билан тасдиқланган “йўл харитаси”да эмитентлар ўз ходимларининг акцияларга эгалик қилиши бўйича режаси­ни (ESOP) жорий этиш тартиби тўғриси­даги низомни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон республика валюта биржаси бош директори Рашид Усмонов биржа соҳа­сини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, инвесторларни жалб қилиш ва ликвид­лиликни оширишга доир стратегияларни тақдим этди. У ўз сўзида ташкилотнинг асосий ютуқларига, хусусан, биржа инфра­тузилмасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва тартибга солиш муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишларга тўхталди. Ушбу қадамлар инвесторларнинг ишончини оширишга ва мамлакат молия бозорларида­ги фаолликни рағбатлантиришга кўмакла­шишини айтиб ўтди. Бу йўналишда яратил­ган шароит туфайли бугунги кунда илк бор валюта биржасида давлат қимматли қоғоз­ларини сотиш бўйича хорижий инвестор билан битим тузилди. Биржада бирламчи ва иккиламчи дилерлик институти йўлга қўйилди. Биржанинг масофадан туриб дав­лат қимматли қоғозларини сотиш имкониятини берувчи “UZCE mobile GB” мобил иловаси ишга туширилди. Давлат қимматли қоғозлар иккиламчи бозорида маркет-мей­кер фаолияти жорий қилинди. Айни пайтда бир қатор истиқболли режаларни рўёбга чиқариш устида иш кетмоқда. Давлат қим­матли қоғозлар бозорида марказий контр­агент ва провайдерлар функцияларини кен­гайтириш ва дефолт-менежмент тизимини такомиллаштириш, хорижий инвесторлар учун давлат қимматли қоғозлар бозорида бирламчи дилерликни юритиш учун шароит яратиш, иккиламчи бозордаги ҳисоб-ки­тобларни ҳам Т+1 ва Т+2 тамойилида бажаришга ўтиш, хорижий инвесторлар мамлакатимиз давлат қимматли қоғозлари­ни сотиб олиши учун чет эллик ҳамкорлар, шу жумладан, кастодиан банклар билан кор­респондентлик муносабатларини ўрнатиш кўзда тутилган.

“Фридом брокер” компанияси бош ди­ректори маслаҳатчиси Бахтиёр Бобоев фонд бозори ривожида сезиларли туртки бериши мумкин бўлган бир қатор омиллар­га эътиборни қаратди. Унинг қайд этиши­ча, биринчидан, технологиялардан унумли фойдаланиш ижобий ўзгаришларга олиб ке­лади. Уйдан чиқмасдан туриб мобиль алоқа орқали қимматли қоғозни сотиб олиш имко­нияти фонд бозори тараққиётига ҳисса қўш­ганини бир қанча давлатлар тажрибасида кўриш мумкин. Технологиялар брокерлар­га ҳам инвесторлар учун қулайлик яратиш воситасини тақдим этади. Фонд бозорини техник жиҳатдан модернизациялаш айни шу жараёнларни ўз ичига олса мақсадга му­вофиқ бўларди. Иккинчидан, фонд бозори равнақида жамоавий инвестициялаш усули ҳам катта роль ўйнайди. Хорижда омма­лашган бу воситани қўллаш инвесторларни бозорга оид кўплаб маълумотларни таҳлил қилишдан халос қилади, уларнинг пуллари профессионаллар томонидан бошқарилади. Тараққиётнинг драйвер воситаларидан яна бири солиқ имтиёзларидир. Унинг аҳамияти инобатга олиниб, Президентимизнинг янги қарорида бу йўналишда бундай имтиёз тури бўйича тегишли таклифларни тайёр­лаш вазифаси қўйилгани алоҳида эътирофга молик.

Тадбир давомида Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси бош директори Шерали Абдужаббаров, Ўзбекистон республика товар хом ашё биржаси раиси ўринбосари Набихон Саматов ва бошқалар маҳаллий капитал бозорини ривожланти­ришга оид маърузаларини тақдим қилишди. Шунингдек, “Mosaic Financial Uzbekistan” компанияси бошқарувчи директори Роберт Дженсен, “Asia Frontier Capital” компанияси директори Скотт Ошерофф, “ITS” бошқа­руви раиси Чингиз Канапьянов, Висмар университети профессори Ханс-Йоахим Шрамм соҳага ҳамда унинг ҳуқуқий жиҳат­ларига оид ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари билан ўртоқлашишди. “First Development Group” компанияси молиявий директори Дмитрий Комиссаров, “Ўзсано­атқурилишбанк” АТБ бўлим раҳбари Шер­зод Усманов, “Zood Uzbekistan” компанияси бош директори Жаҳонгир Усмонов маҳал­лий қимматли қоғозлар бозорида амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалари ва келгуси режаларига тўхталиб ўтишди. Иштирокчилар томонидан мавзу доирасида кўплаб фикрлар, таклиф-тавсиялар, долзарб саволлар ўртага ташланди. Билдирилган му­лоҳазаларнинг бир қисми капитал бозорини ривожлантиришда аҳоли ва сармоядорлар ўртасида молиявий саводхонликни ошириш кун тартибидаги доимий эътибор қаратила­диган вазифа эканлиги билан боғлиқ бўлди.

Анжуман якунида унинг асосий таш­килотчилари фикрлари билан қизиқдик. Баҳодир Атаханов — Инвестиция инсти­тутлари миллий уюшмаси раиси:

— Тадбиримиз арафасида давлатимиз раҳбарининг капитал бозорини ривожлан­тиришга оид қабул қилинган муҳим қаро­рида кўплаб муаммоли масалаларга ечим бўладиган вазифаларнинг белгилангани алоҳида эътирофга сазовор. Анжуманда қатнашган хорижий профессионал ишти­рокчилар томонидан ҳам ушбу ҳужжатнинг аҳамияти мамнуният билан тилга олинди. Ушбу қарордаги вазифаларни бажариш на­фақат маҳаллий даражадаги уюшқоқликни, балки халқаро ҳамкорлик ва илғор жаҳон тажрибасини ўрганишни талаб қилади. Ўз навбатида уюшмамиз капитал бозорини тартибга солиш бўйича янги орган ишига муваффақият тилаб, Президентимиз қаро­ри ижросини таъминлашда унга яқин кў­макдош бўлишга тайёр.

Сергей Лялин — Cbonds компаниялар гуруҳи раҳбари:

— Навбатдаги конференция жуда қи­зиқарли бўлди. Энг муҳими, унда янги профессионал иштирокчилар ва маъруза­чилар ўз тақдимотлари ҳамда лойиҳалари­ни намойиш қилишди. Бу Ўзбекистонда инновацион ғоялар кўпайиб, олға интилиш кучайиб бораётганидан далолатдир. Бун­дан ташқари, анжуман давомида атрофли­ча маълумот берилганидек, янги хусусий­лаштириш дастури, унинг доирасида 40 та компания ва банк акцияларини IPO йўли билан сотиш ҳам фонд бозори тараққиётида ўзига хос аҳамиятга эга. Агар ўтган бир йил давомида мазкур йўналишда рўй берган ўз­гаришларга тўхталадиган бўлсак, фонд бир­жасида битимлар сони сезиларли ўсаётга­нини, замонавий технологияларга эътибор берилиб, операцияларни амалга оширувчи алоҳида илова ишга туширилганини алоҳи­да таъкидлаш жоиз. Зеро, ахборот техноло­гияларига янада кўпроқ таяниш бюрокра­тияни камайтириб, бозор иштирокчилари ўртасидаги тезкор мулоқотни яхшилашга хизмат қилади. Энг муҳим воқеалардан бири “Ўзавтомоторс” АЖ акцияларининг IPOга чиқарилгани дейиш мумкин. Хори­жий инвесторларга давлат қимматли қоғоз­лар бозорига кириш ҳуқуқининг берилгани ҳам катта қадамдир. Шу билан бирга инвесторларни кўпроқ жалб қилиш учун уларни мавжуд шароитлар билан кенгроқ таништи­риш керак. Бу эса тартибга солувчи орган­лар ва брокерларнинг диққат марказидаги вазифаси бўлмоғи лозим. Яна бир жиҳат, ўзбек компанияларининг халқаро капитал бозорида эмитент сифатида иштирокини жадаллаштириш мақсадга мувофиқ. Ўйлай­манки, янги қабул қилинган қарор капитал бозорини халқаро стандартлар асосида яна­да равнақ топтиришга йўл очиб, инвестор­лар ҳамда профессионал иштирокчилар ку­тилмаларини оқлашга хизмат қилади.

Журналист Замира Тожиева мақоласи. "Биржа" Иқтисодий газетасининг 2023 йил 14 сентябрдаги 71(3058) - сонида чоп этилган.


 

Davlat regulyatorlari yangiliklari

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech