Капитал бозорининг янги регулятори бизнес-ҳамжамияти билан бозорнинг аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилди
Жорий йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида “Капитал бозорини ривожлантириш” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Молия вазирлиги, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги, Инвестиция институтлари миллий уюшмаси, «UzAssets» инвестиция компанияси, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, тижорат банклари раҳбарияти ва ходимлари ҳамда халқаро молия ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан Тимур Ишметов – молия вазири бошлаб берди. Капитал бозорини ривожлантириш бўйича бўлган режалар ҳақида молия вазиринг ўринбосари Одилбек Исаков айтиб берди.
Шунингдек, мазкур тадбирда қуйидагилар сўзга чиқди:
- Синди Мальвичини (Cindy Malvicini) – Осиё Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари;
- Марко Мантованелли (Marco Mantovanelli) – Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари;
- Алкис Дракинос (Alkis Drakinos) – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари;
- Баҳодир Атаханов – Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раиси;
- Элёр Иномжонов – “Ипотека-банк” АТИБ бошқарув раиси;
- Фаррух Ходжаев – “Kapital Depozit” МЧЖ директори (Уюшма аъзоси);
- Бекзод Усмонов – “Тошкент” РФБ бошқарув раиси;
- Шерали Абдужаббаров – Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг директори (МД).
Мазкур давра суҳбати Ўзбекистон Республикасининг Президентининг қуйидаги фармон ва қарорлари қабул қилиниши муносабати билан ўтказилди:
- “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 13.04.2021 йилдаги ПФ-6207 – сонли фармони;
- “Капитал бозорини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 13.04.2021 йилдаги ПҚ-5073 – сонли қарори.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 13.04.2021 йилдаги ПҚ-5073 – сонли қарорига асосан 2021 йил 1 майдан бошлаб:
- Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилмоқда;
- тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг қимматли қоғозлар бозорини, шу жумладан, қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва МДни тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ҳамда лотереяларни ташкил этиш фаолияти бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилмоқда.
Бунда, Молия вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилмоқда.
Шунингдек, Президентнинг 13.04.2021 йилдаги ПФ-6207–сонли фармони билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2021-2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастури;
- 2021-2023 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш натижасида эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар;
- 2021-2022 йилларда капитал бозорини ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича“Йўл харитаси”;
- 2021-2023 йилларда акциялари фонд биржаси орқали оммавий жойлаштирилиши белгиланган корхоналар рўйхати.