Медиация институти кенгаяди

Янги тартибга кўра, хусусийлаштириш жараёнига оид низолар юзага келса, давлат бу низони биринчи навбатда медиация тартибида ҳал қилишга ҳаракат қилади. Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раиси Баҳодир Отахонов Kun.uz билан суҳбатда бу қандай ишлашини тушунтириб берди.

"Давлат хусусийлаштириш низоларида судлашмоқчи эмас. Медиация институти кенгаяди"

19 апрелда имзоланган президент қарори билан, давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш бўйича тузилган шартномалар доирасида юзага келадиган низолар ва даъволарга нисбатан, биринчи навбатда, медиация тартиб-таомили қўлланади.

Бунда, томонлар профессионал медиаторни ўзаро келишув асосида, инвестиция, хусусийлаштириш ва капитал бозорида тажрибага эга шахслар орасидан танланади.

Қарорда Давактив агентлиги ва бошқа идораларга 3 ой ичида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Хўш, хусусийлаштириш жараёнларида инвесторлар ва давлат органлари ўртасида қандай низолар келиб чиқиши мумкин, уларнинг асосий сабаблари нимада ва низоларни ҳал қилишда медиация нима учун керак? Айни саволларга Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раиси Баҳодир Отахонов Kun.uz'га берган интервюсида гапириб берди.

 Уюшмангиз хусусийлаштириш борасида инвесторлар билан қандай ишлайди?

— Биз нодавлат-нотижорат ташкилот бўлиб, юридик шахслар бирлашмасимиз. Асосий аъзоларимиз инвестор ва сотувчилар, инвестиция воситачилари ҳисобланади. Воситачилар иккала томоннинг муаммоларидан хабардор бўлади, чунки у давлат ва инвестор ўртасида битим имзоланишидан манфаатдор томондир. Биз иккала томоннинг муаммоларидан хабаримиз борлиги учун инвестор дуч келаётган муаммоларни давлат идораларига етказамиз. Биз ўзимиз кўтарган масалалардан тўғридан тўғри манфаат кўрмаймиз. Давлат идораси ва инвестор ўртасида кўприк бўлиб, муаммолар ижобий ҳал этилиши учун ҳаракат қиламиз.

— Хусусийлаштиришдаги низоларни ҳал қилиш учун медиация, бу нима дегани ўзи?

— Медиация тўғрисида 2018 йилдан бери амалда бўлган қонунимиз бор. Унда давлат идораларига фаолияти давомида юзага келадиган низоларни медиация тартиб-таомиллари қўллансин деган топшириқ берилган. Амалда унга риоя қилинишида оқсоқлик бўлган, қонунчилик амалиётда кўп қўлланмагани боис тажриба етарли бўлмаган.

Ундан кейин низоларни муқобил ҳал қилишнинг механизмлари бўйича 2020 йилдан сўнг Адлия вазирлиги бу соҳада тартибга солувчи орган этиб белгиланган. Қонунчилик анча етарли йўлга қўйилган, аммо унинг ижросида оқсоқлик бор.

Амалиётда кўп низолар давлат органлари томонидан судда кўрилиши афзал деб билинган. Суд тартиб-таомили билан кўриладиган низолар кўп вақт талаб этади ва кўпинча харажатлар ҳам катта. Низолар келиб чиқиш эҳтимоли баланд, улар бўлади ҳам. Шунинг учун тадбиркорлар, инвесторлар судда кўрилишини афзал кўрмаган. Бизнинг уюшма Инвестиция институтлари миллий уюшмаси бўлиб, асосан инвесторлар билан ишлаймиз, улар низоларни суд тартибида кўриб чиқишни якуний, агарда бошқа ҳеч қандай имконият кўрилмагандагина борадиган чора деб билишади. Медиация тўғрисидаги қонун билан бундай имконият яратилган, яъни муқобил усул билан низоларни ҳал қилса бўлади деган имкон бор. Ўтган ой қабул қилинган президент қарорида бунга яна бир бор урғу берилган: низо келиб чиқадиган бўлса, биринчи навбатда буни судга муқобил бўлган медиация йўли билан ҳал қилиш назарда тутилган.

Медиация – фуқаролик муносабатларида турли низолар келиб чиққанда, томонлар ўзаро мақбул қарорга келиш учун икки томоннинг розилиги асосида медиатор кўмагида низоларни кўриб чиқишга йўналтирилган институт.

Медиатор медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади.

— Айтиб ўтганингиздек, медиация тўғрисидаги қонун бор. Уни яна қайта бошқа ҳужжатга хусусийлаштиришга оид низоларни ҳал қилишда медиация тартиб-таомилини қўллаш сифатида киритишга қандай зарурати бор эди?

— Инвесторлар кўпинча давлат идоралари билан урушишни хоҳлашмайди, улар билан муносабатларни бузишни хоҳламайди. Биладики, Ўзбекистонда ишини юритади, айрим ҳолларда давлат идораларига тобе ҳам. Ўзининг тушунчасидан келиб чиқиб, давлат идораси нотўғри ҳаракат қилган бўлса ҳам уни судга беришдан тийилади. Биладики, низо эртага бир томонлама ҳал бўлади, лекин эртанги фаолиятимга таъсир қилади деб андишаликка боради. Демак, муқобил йўл, муаммони дўстона ҳал қилиш чораси – медиация.

Медиация бирор томонга мажбурият юклаб, низони ҳал этишга қаратилган эмас, балки яраштириш назарда тутилади. Бу оилавий низоларда, ажрашишларда кенг қўлланади. Шу усулни тадбиркорлик фаолияти ва давлат идоралари билан муносабатларда қўлласак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу янги институт. Бунгача Ўзбекистонда бундай амалиёт бўлмаган. Бу давлат идораси ва тадбиркорга яна бир эслатма. Ўзим ҳам давлат органларида кўп йиллар ишлаганман, мурожаатларга “агар бизнинг жавобимиздан қониқмасангиз, суд ёки юқори турувчи органга мурожаат қилишингиз мумкин” деб жавоб ёзардик. Бундай амалиёт ҳали ҳам давом этяпти. Мурожаат қилган тадбиркорми, фуқароми – уларга шундай жавоб берилади. Бу яна бир эслатма. Амалиётда эса тадбиркор судга мурожаат қилишдан олдин вақт ва харажатни ўйлайди, жараён йилларга чўзилиши мумкин. Энди давлат органи “судга бор” дея олмайди, медиация тўғрисидаги қонун, хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунда ҳам бундай медиация имконияти қайд этилган.

— Кўплаб инвесторлар келди, улар ва давлат идоралари ўртасидаги низолар жамоатчилик орасида кенг баҳсларга сабаб бўлди. Сиз инвесторлар билан ишлайдиган уюшма раиси сифатида давлат органлари ва инвесторлар ўртасидаги низоларнинг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

— Муаммолар бор, уларнинг асосий сабабларидан бири – иккала томон бир-бирини тушунмаслиги. Шартномавий муносабатларда томонларнинг ҳар хил ёндашуви. Инвесторлар ўзаро ёзишмалар, хатлар, имзоланадиган ҳужжатлардаги бандларни қандай тушуняпти, давлат идораси қандай тушуняпти – шу ерда кўп оқсоқликлар бор. Оқибатда икки томон ҳам эмоцияга берилиб кетадиган ҳолатлар бор.

Шунда инвесторларни судга боришдан тийилишга ундайдиган яна бир нарса, судлар давлат томонга ён босади деб ўйлаши билан боғлиқ. Қўштирноқ ичида “давлат манфаати” нуқтайи назаридан ёндашади деб ҳисоблайди. Бу тушунча ҳам нозик, чунки давлат идорасининг позициясини давлат манфаати деб бўлмайди. Чунки узоқ муддатли оқибатларга қараш керак, унда давлат манфаатларига зид нарсалар бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун судга ишонч юқори эмас. Президент ҳам судларда оқсоқлик борлигини таъкидлаган. Биз судялар билан доимий ишлаймиз, яхши ислоҳотлар ҳам бу йўналишда олиб бориляпти. Зора бу йўлга тушиб кетиб, судларга ишонч ошар. Аммо дунё тажрибасида медиация, арбитраж институтлари қўлланади ва унга талаб жуда кучли. Америкада ҳам кўплар судларга боравермайди, кўпроқ медиация билан ҳал қилишга ҳаракат қилади. Бунга асосий мотивлардан бири – низоларнинг махфийлиги билан боғлиқ. Суд тартибида кўриладиган низолар, агарда томонлар суд ёпиқ кўрилишини истамаса, очиқ кўрилади. Медиация тартибида эса томонлар низоларни сир сақлайди, бундай низо бўлганини ҳеч ким билмаслиги мумкин. Бундан ҳар икки томон манфаатдор бўлиши мумкин. Медиация тартиб-таомилини қўллаш муддати жуда чегараланган. Давлат органи билан кўриладиган низо муддати – 15 кун.

— Хусусийлаштиришда низоларни медиация тартиби асосида ҳал қилиш қандай кечади?

— Хусусийлаштириш жараёни яхши кетяпти деб ўйлайман, объектлар тезроқ сотиляпти. Ҳозир хусусийлаштириш жадаллашган пайтда статистика нуқтайи назаридан қарасак ҳам низолар сони ошади, низолар ошган вақтда улар тушунмовчиликдан келиб чиқади. Шартномани ўқиётган вақтда бизнинг давлат идораларидаги юридик бошқармалар шартномани жуда пухта ёзишга ҳаракат қилади, ўзига ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармаслиги учун шартномани ўзи учун “пухта” ёзадики, нариги томон тушунмаслиги ҳам мумкин. Инвестор нима деб ёзганини ҳам тушунмайди, муаммо эмасдир деб имзо қўйиб беради. Маълум муддат ўтганидан кейин муаммо келиб чиқади. Шунақа пайтда иккала томондан ҳам мустақил, холис, хусусийлаштириш ва капитал бозорида эксперт бўлган шахс ўртада туриб, муаммони ҳал қилишга ёрдам беради. Ҳар иккала томонни тинглаб, муаммони ҳал қилиш йўлларини таклиф қилади.

Бунда, суддан фарқли равишда, медиаторнинг роли – томонларни келиштириш. Медиатор иккала томонга ҳеч қандай топшириқ бера олмайди. Судя қарор чиқаргандан кейин эса уни бажариш икки томонга ҳам мажбурий. Медиацияда иккала томон ҳам медиаторнинг обрў ва тажрибасига ишонади, томонлар компромиссга бориши учун маъқул йўлларни таклиф қилади. Агар ечим томонларга маъқул келса, ўртада медиатив келишув имзоланади. Унинг ҳам юридик кучи бор, кейинчалик низога суд тартиб-таомили қўлланса, суд медиатив келишув бўлганини инобатга олади.

Медиациянинг яна бир афзаллиги, иккала томон ҳам танланган медиаторга рози бўлиши керак. Давлат идораси бирор медиаторни танласа, иккинчи томон номзодни рад этиш ҳуқуқига эга.

— Ҳозир хусусийлаштириш жараёнларида энг кўп кузатилаётган низолар мундарижаси қандай?

— Ҳозир ҳақида эмас, умуман хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида айта оламан. Ўзбекистонда хусусийлаштириш 1990 йилдан бошланган бўлса, 2010-2015 йилларда хусусийлаштирилган объектларни давлат нотўғри сотилган деган важ билан қайтариб олган ҳолатлар бўлган. Ҳозир ҳам инвесторлар яна шундай бўлмас эканми деб чўчийди. Қонунда хусусийлаштириш қайта кўриб чиқилмайди, деб аниқ ёзилган. Бироқ амалда бундай ҳолатлар бўлган, қайта кўриб чиқилган ҳам. Ҳозир мен сотиб олдим, пул тўладим, у ерга қўшимча пул киритдим-да, вақт ўтиб кимгадир ёқмай қолди-да, судга бериб хусусийлаштиришни бекор қилди. Бунақада инвесторда давлатга бўлган ишонч йўқолади.

Ўйлайманки, бундан давлат раҳбари ҳам, хусусийлаштиришга масъул идоралар ҳам яхши хабардор. Давлат имижига жуда катта таъсир қилади. Нимага хусусийлаштириш жадаллашмаяпти деймиз-ку, лекин буларни унутиш керак эмас. Инвесторлар ҳали унутмаган.

Мадина Очилова суҳбатлашди

Davlat regulyatorlari yangiliklari

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech