Энг яхшилар аниқланди
Biznes Daily «Биржа» газетасининг 17.02.2022 йилдаги #13(2896) сонида чоп этилган мақола “Энг яхшилар аниқланди”:
“Ўзбекистон капитал бозорида энг яхши” танлови бир муддатлик танаффусдан сўнг яна тикланди. 2021 йил якуни бўйича ўтказилган мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Инвестиция институтлари миллий уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда фонд бозорининг фаолият босқичлари, шаклланган тажриба ва бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Инвестиция институтлари миллий уюшмаси директорлари кенгаши раиси, “Ansher Capital” ХК МЧЖ раҳбари Анвар Расулев ўтган йили фаолияти қайта тикланган ушбу тузилманинг капитал бозорини ривожлантириш жараёнидаги ўрни, ўзига хос ролига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, уюшма ўзини ўзи бошқарувчи нодавлат бирлашма тарзида ташкил этилган бўлиб, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи давлат органи билан ҳамкорликда Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сонли фармони билан тасдиқланган Капитал бозорини ривожлантириш дастурига мувофиқ, бозор иштирокчиларининг касбий фаолияти учун шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида фаолият олиб бормоқда. Унда дунё фонд бозорлари билан интеграцияни амалга ошириш, яъни, ўзбек акцияларининг чет эл савдо майдончаларида сотилиши, худди шундай хорижий компаниялар акцияларини республикамиз инвесторлари томонидан сотиб олинишига катта эътибор қаратилган.
Тадбир ташкилотчилари айтиб ўтганидек, пандемия даврида ҳеч кимга осон бўлмади, кўплаб ишлар тўхтаб қолди ва бу фонд бозорига ҳам салбий таъсир қилди. Шундай бўлса-да, ўтган йили фаоллашиш кузатилди ва ижобий натижасини берди. Бу ҳолат қимматли қоғозлар бозори фаолиятида ҳам намоён бўлди. Яхши самараларга эришганлар “Ўзбекистон капитал бозорида энг яхши” танловининг бир қатор номинациялари бўйича сараланганлар қаторидан ўрин олди.
“Freedom Finance” компанияси “Облигация бозорида энг яхши инвестиция воситачиси” ҳамда “Ритейл-инвесторлар учун энг яхши инвестиция воситачиси” номинацияларига муносиб деб топилди.
“Kapital Depozit”, “Акция бозорида энг яхши инвестиция воситачиси”, “Portfolio Investments” МЧЖ, “Институционал инвесторлар учун энг яхши инвестиция воситачиси, “Ansher Capital” МЧЖ, “Инвестиция активларининг энг яхши ишончли бошқарувчиси”, “Premium Finance” МЧЖ, “Энг яхши инвестиция маслаҳатачиси”, “Mosaic Financial” МЧЖ, “Йилнинг энг яхши дебютанти”, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Энг яхши корпоратив бошқаруви” номинациялари бўйича ғолиб бўлишди.
Танловда биринчи бор чет эллик сармоядор иштироки ҳам кузатилди. Бош офиси Гонконгда бўлган “Asia Frontier Capital Ltd.” компаниясининг “AFC Uzbekistan” инвестиция фонди “Энг яхши хорижий инвестор” деб эътироф этилди. Бундан ташқари, “Toshkent Investitsiya Majmui”, “Osyo Sarmoya Depo”, “Leader Finance”, “RB Asia”, “Bluestone Financial Group Inc” компаниялари ҳамда “Kapital Bank” тижорат банки соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Тадқиқотлар маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Игорь Бутиков, Тошкент давлат иқтисодиёт университети молия кафедраси мудири Хуршид Худойқулов молиявий саводхонликни оширишдаги муносиб ҳиссалари учун тақдирланишди. Ғолибларнинг барчасига мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Мунир Якубов, “Portfolio Investments” МЧЖ директори: — Брокерлик компаниямиз кўпинча йирик корхоналар, фондлар, суғурта ташкилотлари ва тижорат банклари билан ишлайди. Уларнинг фаолиятини чуқур таҳлилдан ўтказган ҳолда капитал бозоридаги ўрни ҳақидаги маълумотларни шакллантириб, профессионал иштирокчилар, қолаверса, аҳолига етказишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бу соҳага хорижий компанияларни жалб қилишни ҳам бошладик. Масалан, АҚШнинг етакчи компанияларидан бирини профессионал иштирокчи сифатида бу ерда ишлашга таклиф қилдик ва у фаолият юритишга киришди. Жорий йилда мазкур йўналишдаги ишларни давом эттириш режамиз бор, яъни, уларнинг бир нечтасини бирлаштирган ҳолда йирик компанияни тузиш ниятидамиз.
Робер Женсен, “Mosaic Financial” компанияси ижрочи директори: — АҚШнинг қадимги компанияларидан биримиз. Мақсадимиз узоқ йиллик тажрибамиз асосида дунёнинг ривожланаётган мамлакатлари иқтисодиётини, шу жумладан, капитал бозорини юксалтириш борасида кўмак кўрсатишга қаратилган. Ҳозир Ўзбекистонда катта ўзгаришлар, хусусийлаштириш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўраяпмиз. Шунинг учун айни шу жараёнларнинг иштирокчиси бўлиш ниятида бу ерга келганмиз. Шу соҳанинг профессионал қатнашчиси тарзида ишлаш ҳуқуқини берувчи лицензияни 2021 йил март ойида олганмиз. Ҳозирда қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция маслаҳатчиси ва ишончли бошқарувчи сифатида иш олиб бормоқдамиз. Капитал бозорини тараққий топтириш учун биринчи навбатда унга нисбатан ёндашувни ўзгартириш мақсадга мувофиқ. Бизнинг фикримизча, масалан, инвестиция банкинг фаолиятини йўлга қўйиш, акциялари фонд биржасига чиқариладиган корхоналар фаолиятини тўғри ва чуқур таҳлил қилишга эътиборни кучайтириш самара беради. Бизнинг компаниямиз ҳам айни шу нуқтаи назардан етук мутахассисларни мазкур жараёнга жалб қилишга эътибор қаратмоқдамиз. Қисқа муддатли фаолиятимизга нисбатан берилган юксак баҳодан жуда хурсанд бўлдик. Бундай рағбат бизга янада ишонч ва куч бағишлайди.
Бахтиёр Бобоев, “Freedom Finance” компанияси бош директори: — Биз андеррайтер сифатида 2021 йилда Ўзбекистонда биринчи бор қурилиш компаниясининг номинал қийматига индексланган, “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг корпоратив облигацияларини чиқардик ҳамда 100 фоиз ва ундан ортиғи билан жойлаштирдик. Компаниямиз 2018 йилдан бошлаб лицензияга эга бўлиб инвестиция воситачиси сифатида фаолият юритишга киришган бўлса, эътиборни, энг аввало, жисмоний шахсларга қаратиб келмоқда. Ҳозирга келиб 7,5 мингдан зиёд мижозларимиз мавжуд ва ҳар кунги савдоларда уларнинг ўзига хос ўрни бор, бу жиҳат савдо натижаларида ўз аксини топмоқда. Жорий йилда ҳам шу стратегияни давом эттирамиз. Иккита хусусий корхона қимматли қоғозларини чиқариб жойлаштиришни кўзлаб турибмиз. Мамлакатимизда бир қатор йирик корхоналарнинг акцияларини IPO ва SPO орқали сотувга қўйилиши режалаштирилган. Шу жараёнда фаол иштирок этиш ниятидамиз. Бунда албатта компаниямизнинг чет элдаги ҳамда республикамизнинг 8 та ҳудудидаги филиаллари орқали инвесторларни, аҳолини фонд бозорига кўпроқ жалб қилишдаги тажрибамиздан кенг фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Хуршид Худойқулов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети молия кафедраси мудири: — Университетимизда 2018 йилдан буён корпоратив молия ва қимматли қоғозлар йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Қимматли қоғозлар бозори учун ҳар йили магистр йўналишида 30 нафар профессионал иштирокчи, бакалавр йўналишида 100 нафар мутахассис етиштириб берилмоқда. Шунингдек, талабаларимиз инвестиция воситачилари бўлган компаниялар билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига мувофиқ, ўша ерда амалий кўникмани шакллантиришмоқда. Натижаси ўлароқ, магистратура битирувчиларидан 90 фоизи ўз мутахассислиги бўйича фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда капитал бозорини ривожлантиришга оид қабул қилинган ҳужжатда нафақат соҳадаги мутахассислар етишмовчилигини бартараф қилиш, балки аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича катта вазифалар юклатилган. Таълим масканимизда молиявий саводхонликни оширишга алоҳида фан сифатида эътибор қаратилиб, дастурлар ишлаб чиқилган. Шу асосда университет ўқитувчилари томонидан бошқа таълим муассасаларида молиявий саводхонлик бўйича тренинглар, мастер класслар ўтказилмоқда. Бундай тадбирларни келгусида ҳам изчиллик билан давом эттиришни мўлжаллаганмиз.
Журналист Замира ТОЖИЕВА