Biznes Daily «Биржа»: Капитал бозорини ривожлантиришга оид давра суҳбати
Biznes Daily «Биржа» газетасининг 20.04.2021 йилдаги #31(2809) сонида чоп этилган мақола “Капитал бозорини ривожлантиришга оид давра суҳбати”:
Капитал бозори иқтисодиётни узоқ муддатли молиявий ресурслар билан таъминлашнинг ўзига хос воситаси, макроиқтисодий сиёсатнинг муҳим элементи ҳисобланади.
Халқаро тажрибага кўра, муайян мамлакатнинг ривожланиш ҳолати ҳамда мавжуд институционал салоҳиятидан келиб чиқиб, капитал бозори ҳукумат ёки мустақил идора даражасида фаолият кўрсатади. Хусусан, ривожланаётган Малайзия, Вьетнам ва Колумбияда Молия вазирлиги ёки унинг таркибида бўлган давлат идораси мазкур фаолият билан шуғулланади. Россия, Грузия ва Венгрияда капитал бозори регулятори этиб Марказий банк белгиланган. Сингапур, Аргентина ва Бразилияда бу йўналишдаги регулятор идора ҳукуматдан мустақил тарзда иш юритади. Жаҳондаги бундай турлича амалиёт пухта ўрганилган ҳолда мамлакатимизда ҳам бу соҳада янги қадам қўйилди. Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги 5053-сонли қарорига мувофиқ, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 13 апрелдаги фармони билан эса капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Хўш, республикамиз ҳаётидаги бу катта ўзгаришдан кўзланган мақсад, юклатилган янги вазифаларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат, пировард натижа иқтисодиётга қандай наф келтиради? Шу каби яна бошқа бир қатор саволлар Молия вазирлиги томонидан барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, соҳанинг профессионал тузилмалари, тижорат банклари раҳбарлари, халқаро молия ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида ўтган давра суҳбатида очиқ муҳокама қилинди.
Тимур Ишметов - Молия вазири: — Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилишидан мақсад соҳани ривожлантиришга янги импульс бериш, мавжуд институционал салоҳиятдан фойдаланган ҳолда ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда уларнинг молия соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар билан уйғунлигини таъминлашдан иборат. Алоҳида таъкидлаш керакки, капитал бозорини ривожлантиришда давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши асосий драйвер бўлиб хизмат қилади. Хусусан, ДҚҚ бозори макроиқтисодий ва фискал рискни бошқариш инструменти бўлиши билан бир қаторда ташкилот ва корхоналарнинг маҳаллий капитал бозоридаги қарз қимматли қоғозлари учун бенчмарк даромадлилик чизиғини яратади. Молия вазирлиги томонидан ДҚҚ бозорини ривожлантириш бўйича Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ Ғазначилиги билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йил декабрь ойидан бошлаб миллий валютада ДҚҚ чиқариш амалиёти қайта тикланди. Натижада, 2019 йилда чиқарилган ДҚҚ ҳажми 1,5 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда мазкур кўрсаткич 3 баробарга ортиб, 5 трлн. сўмга етди. 2019 йилда 1 млрд. АҚШ доллари ва 2020 йилда 750 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги хорижий ҳамда миллий валютадаги илк суверен халқаро облигациялар, шунингдек, вазирлик кўмагида “Саноат қурилиш банки", “Ўзмиллийбанк” ва “Ипотека-банки” корпоратив облигациялари халқаро молия бозорларида муваффақиятли жойлаштирилди. Мазкур тажриба зарур инфратузилма шакллантирилган ҳолда хорижий инвесторларни маҳаллий капитал бозорига жалб қилиш учун замин яратади. Умуман олганда, маҳаллий капитал бозори аҳамияти инобатга олиниб, уни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш Молия вазирлиги томонидан амалга оширилиши бу жараённинг давлат корхоналари ва банк, пенсия, суғурта ҳамда солиқ тизимидаги давлат сиёсати билан ҳамоҳанг равишда олиб борилишини таъминлайди. Вазирлик бу йўналишдаги мавжуд дастакларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади. Бунда албатта ушбу бозор профессионал иштирокчилари тажрибасига таянади, улар билан ҳамкорликни фаоллаштиради. Мақсад бозорни тартибга солишдан кўра, уни ривожлантиришга асосий эътиборни қаратиш. Бунинг учун соҳа тараққиётига хизмат қиладиган омилларни ишга солиш, тўсиқ бўлаётган жиҳатларни бартараф этиш юзасидан доимий равишда ўзаро фикр алмашиб туриш учун профессионал иштирокчилар клубини тузиш кўзда тутилган..
Одилбек Исоқов - Молия вазири ўринбосари: — Давлатимиз раҳбари фармони билан тасдиқланган капитал бозорини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган дастури ва йўли харитасида белгиланган вазифалар ҳамда эришиладиган мақсадли кўрсаткичларнинг айримларига тўхталиб ўтсам. Чунончи, давлат қимматли қоғозлар бозорини халқаро стандартларга мослаштириш учун аукцион натижалари бўйича ҳисоб-китобларни "Т+1" ёки "Т+2" халқаро стандартига ўтказиш, фоиз тўловларини тўлаш муддатини жаҳон тамойилларига уйғунлигини таъминлаш кўзланган. Давлат қимматли қоғозлари бўйича бирламчи дилер институтини жорий этиш, унинг иккиламчи бозорини ривожлантириш, норезидентлар ва резидентлар томонидан бундай қоғозларни сотиб олиш имкониятини кенгайтириш, дастлаб бу йўналишда ва кейинчалик бошқа қимматли қоғозлар бўйича маркет-мейкерлик институтини жорий қилиш режалаштирилган. Қимматли қоғозлар турларини ипотека облигациялари, опцион ва фьючерслар орқали кўпайтириш мўлжалланган. Давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган биржавий облигациялар савдосини йўлга қўйиш вазифаси юклатилган. Бундан ташқари, 40 минг нафар миноритар инвестор, капитал бозорининг бошқа иштирокчилари ҳамда аҳолининг бу соҳадаги билими, кўникмаси ва молиявий саводхонлигини, ушбу бозор учун мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро молия бозорлари билан интеграцияни ва инвесторлар базасини кенгайтириш, бу соҳада миллий рейтинг агентликларини тузиш, "Капитал бозори тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тайёрлаш муҳим вазифалар қаторидан ўрин олган. Фармонга кўра, оммавий савдолар орқали акцияларни IPO ёки SPO усулида жойлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятлари акцияларининг бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклифини бир қатор шартларда ўтказиш мўлжалланган.
Барча чораларни ишга солган ҳолда капитал бозорининг капиталлашув даражасини 2020 йилдаги 1,9 трлн. сўмдан 2023 йилда 45 трлн. сўмга етказиш, эркин муомаладаги қимматли қоғозлар умумий ҳажмини 2020 йилдаги 0,3 фоиздан 2023 йилда 5 фоизга, корпоратив облигациялар умумий қийматини эса ўтган йилдаги 0,16 трлн. сўмдан 2023 йилда 3,94 трлн. сўмга кўтариш, инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларнинг қимматли қоғозлар чиқариш орқали молиялаштириладиган қисмини 2020 йилдаги 0 фоиздан 5 фоизга айлантиришга эришиш кутилмоқда.
Баҳодир Атаханов - Инвестиция институтлари миллий уюшмаси раиси: – Ўзбекистонда қимматли қоғозлар бозори мустақилликнинг илк йилларидан буён шаклланиб келяпти, корпоратив облигация ва акция бозори кўп йиллардан бери мавжуд. Америка ва Европанинг ривожланган капитал бозорларидан фарқли равишда Ўзбекистонда корпоратив қимматли қоғозлар бозори давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига айлантириш орқали хусусийлаштириш негизида вужудга келган. Шуни инобатга олиб, юртимизда бозорни яратиш керак эмас, фақат уни янада ривожлантириш зарур. Молия вазирлиги ўз эътиборини капитал бозорини тартибга солувчи давлат органи сифатида ҳозирда долзарб бўлган масалаларга қаратиши мақсадга мувофиқ бўлади. Биринчидан, маълумотларни ошкор этиш, айниқса давлат регулятори фаолиятига алоқадор маълумотлар мунтазам ва максимал даражада ошкор этилиши шарт. Чунки бозорга оид маълумотлар сир тутилишига йўл қўйиб бўлмайди. Иккинчидан, фонд биржасида айрим акциялар билан савдолар фаоллигини кўриш мумкин. 2016 йилдан буён ноинституционал ва нопрофессионал бўлган шахслар – фуқаролар мобил иловалар орқали қимматли қоғозлар билан тўғридан-тўғри савдоларда онлайн қатнашиш имкониятига эга ва улар бундан яхши фойдаланмоқда. Бу жараён ривожланган сари манипуляция қилиш орқали ва инсайдер маълумотлардан фойдаланган ҳолда битимлар ҳам тузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Аммо манипуляция ва инсайдерликнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик жуда заиф, бу тушунчаларнинг таърифи қонунда бор, лекин тартиб ва санкцияларни белгилаш бўйича ишлар жуда суст олиб борилмоқда. Учинчидан, Президентимизнинг 2020 йил 24 августда қабул қилинган “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқиб, “Элсис-савдо” АЖнинг қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси сифатида жорий йил 1 январидан бошлаб фаолияти қонунийлигига аниқлик киритиш лозим. Давлат регулятори томонидан ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирилмаган бўлса-да, “Элсис-савдо” АЖнинг савдо тизими орқали кўплаб битимлар ҳар куни ўтмоқда. Маълум вақт ўтиб, бу битимларнинг ҳаммаси ёки айрими ноқонуний деб топилса, юртимиз капитал бозорига бўлган ишонч йўқолади. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308–сонли фармони билан тасдиқланган давлат дастури 90-бандига асосан аҳолининг бўш пул маблағларини иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилиш мақсадида, корхоналар томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни сотиб олишни рағбатлантириш бўйича топшириқ берилган эди. Унга кўра, жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларни сотиб олишга йўналтирилган маблағларини даромад солиғидан озод этиш назарда тутилган эди. Капитал бозори, айниқса, иккиламчи бозорни янада ривожлантириш учун халқаро амалиёт, хусусан Россияда индивидуал инвестиция ҳисоб-рақамлар тизимини муваффақиятли жорий қилиш бўйича Ўзбекистонда ҳам корпоратив қимматли қоғозларни сотиб олишни рағбатлантириш инструментларини қўллаш керак.
Бекзод Усмонов – “Тошкент” республика фонд биржаси бошқаруви раиси:— Капитал бозори тараққиётини таъминлаш учун унинг иштирокчиларига бир хил шароит яратиш керак. Ҳозиргача молия бозори деганда кўпинча банклар фаолияти тушунилади. Иқтисодиётдаги лойиҳаларни молиялаштириш асосан банклар орқали, жуда кам қисми облигациялар воситасида амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, қимматли қоғозлар бозори орқали ҳам бу ишни бажариш мумкин. Бугунги кунда фонд биржаси листингига кирган 140 та эмитентдан 81 тасида давлат улуши мавжуд. Бу эса қимматли қоғозларнинг эркин муомаладаги улушини кўтариш имконини бермаяпти, бозор ривожига эса тўсиқ бўлаяпти. Хусусийлаштириш жараёни жадал кетаяпти, лекин акция пакетларини битта лотда сотиш бозор тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун акция пакетларини майдалаштириб сотиш мақсадга мувофиқдир. Шундагина ушбу акциялар иккиламчи бозорда айланади. Фармон билан 15 та йирик салоҳиятли корхона акциялари IPO ва SPO йўли билан сотилишининг белгилангани таҳсинга лойиқ. Яна бир жиҳат, жаҳон амалиётидан маълумки, тижорат банклари капитал бозорининг драйвери ва фаол иштирокчисидир. Бизда кузатилаётганидек, айрим банклар ташқи бозорда фаол, аммо ички бозорда унақа эмас, масалан, облигация чиқаради, лекин уларни жойлаштира олмагач, бекор бўлмоқда. Эндиликда бу йўналишда ҳам маълум талаб қўйилаяпти. Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий эмитентлар ўз акцияларини дастлаб республика фонд биржасида жойлаштирганидан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра хорижий фонд бозорларида жойлаштириши мумкин. Ҳужжатда фонд биржаси зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган. Масалан, биржа қошида листингга киритилмаган қимматли қоғозлар савдосини таъминловчи тизимни яратиш ва жорий этиш назарда тутилган. Ҳозирда бу борада бир нечта таклиф ўрганилмоқда. Чунончи, фаолият юритаётган “Элсис-савдо” АЖ ишини тубдан қайта кўриб чиқиш ёки жамиятни тугатган ҳолда янги тузилмани ташкил этиш ёхуд уни фонд биржасига қўшиш масаласи таҳлил қилинмоқда.
Шерали Абдужабборов - Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси бош директори: Бозорни ривожлантириш дастурида жуда кўп муҳим вазифалар белгиланган. Улар орасида зарур инфратузилмани, шу жумладан Марказий депозитарий тизимини модернизация қилиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, марказий депозитарий ҳуқуқий, техник-технологик жиҳатдан илғор бўлмас экан, олдинга қўйилган мақсадларга эришиш қийин. Бунинг учун депозитарий бўйича халқаро ташкилотлар тавсиялари ва дунё стандартлари ҳамда тараққий топган давлатлар амалиётида қандай депозитар хизматлар йўлга қўйилганини ўрганишимиз керак бўлади. Масалан, қимматли қоғозларни ҳисобга олиш масаласига тўхталсак, барча қимматли қоғозлар мамлакатнинг ягона Марказий депозитарийсида ҳужжатсиз шаклда қайд этилиши керак. Шунингдек, битимлар бўйича ҳисоб-китобни тезлаштириш ва мижозларнинг осон ҳамда қулай усулларда дивиденд олишлари учун Марказий депозитарийга мижозларнинг банк ҳисобварақларини юритиш, миллий ва хорижий валютадаги тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилиши зарур. Капитал бозори иштирокчиларини корпоратив ҳодисалар тўғрисида ўз вақтида ва аниқ хабардор қилиш учун Марказий депозитарийда корпоратив ахборот маркази бўлиши лозим. Шундагина тўлақонли депозитар хизмат кўрсатилади, корреспондентлик алоқалари йўлга қўйилади ва бу корхоналар акцияларини хорижий бозорга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Марказий депозитарий 2019 йилдан буён маҳаллий эмитентларнинг қимматли қоғозларига халқаро кодларни бериб келмоқда. Айни пайтда маҳаллий эмитентларнинг барча турдаги қимматли қоғозларига халқаро кодларни бериш мақсадида автоматлаштирилган янги тизим яратиш ишлари олиб борилмоқда. Лекин соҳада айрим муаммоларни бартараф этишга тўғри келади. Республика депозитар тизимида 800 мингдан зиёд жисмоний ва юридик шахс рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан атиги 10-15 фоизи ҳақиқий маълумотларга эга. Қолган шахслар эса (эски кўринишдаги паспортлар, собиқ СССР даври паспортлари ва ҳоказо сабаблар туфайли) идентификацияланмаган маълумотларга эга. Мижозлар маълумотларини идентификациялаш ва янгилаш учун Марказий депозитарийга бир қатор давлат органларининг ахборот ресурслари (Персоналлаштириш маркази, Марказий банк ҳузуридаги Бош ахборотлаштирБу эса пулни ювишга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш борасида маълумотларни халқаро стандартларга мувофиқ идентификациялаш ва текшириш учун ҳам зарур ҳисобланади.
Давра суҳбати давомида соҳанинг бошқа профессионал иштирокчилари бўлган валюта биржаси, инвестиция компаниялари, брокерлик идоралари раҳбарлари томонидан фонд ва валюта биржасининг техник имкониятларини ҳисобга олган ҳолда интеграциясини таъминлаш, жамоавий инвестициялаш жараёнини тиклаш, қимматли қоғозлар бозори қанчалик ривожланса брокерлик идоралари фаолияти ҳам шунчалик юксалиши мумкинлиги, молиявий ва инвестиция саводхонлигини оширишнинг ўзига хос аҳамияти айтиб ўтилди. Журналистларнинг соҳага оид бир қатор саволларига мутасаддилар томонидан жавоб қайтарилиб, қўшимча маълумотлар берилди. Келгусида капитал бозори ҳақидаги кунлик, ҳафталик, ойлик шарҳлар тайёрланиб ОАВ орқали эълон қилиниши, хорижий фонд биржалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши, “Ўзбекистон глобал капитал бозорида” мавзуига оид вебинарни ташкиллаштириш мўлжаллангани таъкидланди.
Журналист Замира ТОЖИЕВА.