Biznes Daily «Биржа»: Ўзбекистон капитал бозори: таҳлиллар ва таклифлар

    Biznes Daily «Биржа» газетасининг 14.09.2021 йилдаги #72(2850) сонида чоп этилган мақола Ўзбекистон капитал бозори: таҳлиллар ва таклифлар”:

   П
ойтахтимизда яна бир кенг миқёсли тадбир — “Ўзбекистон Республи­касида капитал бозори” мавзуига бағишланган учинчи халқаро ан­жуман оффлайн тарзда бўлиб ўтди.

    Cbonds компаниялар гуруҳи то­монидан Инвестиция институтлари миллий уюшмаси ҳамда бир қатор бошқа ҳамкорлар билан биргалик­да ташкил этилган бу галги тадбир икки йиллик танаффусдан сўнг ўтка­зилгани боис унда ўтган даврда ку­затилган янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида атрофлича маълумот берил­ди. Шунингдек, соҳанинг ҳозирги ҳолати нафақат маҳаллий, балки хо­рижий экспертлар томонидан таҳ­лил қилиниб, мавжуд имкониятлар ва салоҳиятни ишга солиш, капитал бозорини ривожлантириш истиқ­боллари ҳақида фикр алмашилди, таклиф-тавсиялар ўртага ташланди. Муҳокамаларда мамлакатимиз ҳамда Россия, Қозоғистон, Беларусь каби давлатлардан 170 дан зиёд соҳа про­фессионаллари, банклар ва инвести­ция компаниялари, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари вакиллари иштирок этишди.

    Халқаро анжуман аввалида иштирокчилар эътиборига қара­та таъкидланганидек, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, капитал бозорини тараққий топтириш иқти­содиёт барқарорлигини таъмин­лашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам жорий йилнинг апрель ойида қабул қилин­ган 2021-2023 йилларда капитал бо­зорини ривожлантириш дастурида ушбу бозорнинг рақобатбардошли­лик ва капиталлашув даражасини ошириш, ундан корхоналарни кре­дитлашнинг муқобили ва самарали механизми сифатида фойдаланишга оид кенг кўламли вазифалар белги­ланди. Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов шу ҳақда маъруза қилиб қайд этганидек, жумладан, мазкур бозорда мавжуд технологик инфратузилма ҳолатини тубдан ях­шилаш мақсадида бир қатор чоралар кўрилиши кўзда тутилган. Чунончи, “Ўзбекистон республика валюта бир­жаси” АЖ ва “Тошкент” республика фонд биржаси ўртасида дастурий алоқаларни ўрнатиш, давлат қим­матли қоғозларининг савдоларида фонд биржаси брокерларига ҳам қат­нашиш имкониятини яратиш мўл­жалланган. Бундан ташқари, фонд бозорининг ягона дастурий техник мажмуаси фаолиятининг узлуксиз­лигини таъминлаш ва ривожланти­риш ҳамда унинг янги ахборотларни қайта ишлаш маркази (Data Center)-ни ташкил этиш, фонд бозорида би­тимларни онлайн тартибда амалга ошириш имконини берувчи янги мобиль иловаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ёки но­резидентлари бўлган мижозлар учун уларнинг шахсий иштирокисиз депо ҳисобварақларини масофадан туриб очиш имкониятини яратиш, инвестиция воситачилари билан шартно­ма тузиш пайтида уларнинг шахсий маълумотларини олиш мақсадида “Ўз мижозингни бил” ва “Даромадни легаллаштиришга қарши курашиш” тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш усулларини, Қимматли қоғозларнинг марказий депозита­рийси томонидан Миллий рақамлаш агентлиги функциясини бажариш ва халқаро ISO стандартларини қўл­лаш режалаштирилган. Шунингдек, жаҳон тажрибасини ўрганиб, самарали ҳуқуқий базани яратиш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун­чилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш муҳим мақсадлар сирасига киради. Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти (IOSCO) та­мойиллари асосида “Капитал бозо­ри тўғрисида”ги қонун лойиҳаcини ишлаб чиқиш, савдо, клиринг ва ҳи­соб-китоб қоидаларини, шунингдек, инвестицион маслаҳатчилар ва воси­тачилар учун қоидаларни такомил­лаштириш, Молия вазирлигининг бошқа давлатлар қимматли қоғозлар бозорининг регуляторлари билан са­марали ҳамкорлигини ташкил этиш, IOSCOнинг маслаҳатлашувлар, ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви бўйича кўп томонлама англашув ме­морандумига Ўзбекистон қўшилиши учун мавжуд чекловларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳам кўзда тутилган.

    Маълумки, ҳар қандай бозор ривожида сотувчи ва харидор учра­шуви учун керакли шароитлардан ташқари, бозорда шаклланган талаб­дан келиб чиқиб, турли хил товарлар мавжуд бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Капитал бозоридаги товарлар акция, облигация ва бошқа қимматли қоғозлар ҳисобланиб, улар юртимиз шароитида муайян маънода корхона ва банкларни босқичма-босқич хусу­сийлаштириш орқали пайдо бўлган. Капитал бозорининг ривожланиш жараёнида давлатнинг иқтисоди­ётдаги иштирокини кескин камай­тириш, давлатга тегишли акциялар пакетини сотиш механизимини та­комиллаштириш катта роль ўйнайди. Мамлакатимизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақи­да Давлат активларини бошқариш агентлиги департамент бошлиғи Алишер Миралиев маълумот берди. 2021-2025 йилларда давлат иштиро­кидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегиясининг муҳим жиҳатлари, хусусийлаштирилиши режалаштирилган корхоналарда давлат улушларини ва бошқа давлат активларини камайтириб бориш чораларига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, иқтисодиётда давлат иштирокининг юқорилиги, яъни 55 фоизни ташкил этиши, давлат иштирокидаги корхоналарнинг 45 фоизи томонидан давлат бюджетига дивиденд тўлангани, ушбу дивидендларнинг 90 фоизи атиги 5 та йирик корхонага тўғри келиши, қолганлари фаолиятининг самарадорлиги паст даражада эканлиги стратегияни қа­бул қилишга сабаб бўлган. Шундан келиб чиқиб, стратегия бир қатор мақсадли кўрсаткичларни ўз ичига олган. Хусусан, 2025 йилга қадар давлат корхоналари сонини 75 фоиз­га камайтириш, давлат унитар корхо­налар сонини қисқартириш, уларни босқичма-босқич акциядорлик жа­миятлари ва масъулияти чекланган жамиятларга айлантириш, келгусида асосланмаган ҳолатда давлат уни­тар корхоналарини ташкил этишга йўл қўймаслик кўзда тутилган. Таъ­кидланганидек, эндиликда давлат иштирокидаги корхоналарда давлат улушини сақлаб қолиш “сот ёки ту­шунтир” тамойили бўйича амалга оширилади. Давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгашлари тар­кибидаги мустақил аъзолар сонини 2025 йилга қадар 30 фоизгача оши­риш, кузатув кенгаши ва ижро органларига номзодларни танлов асосида сайлаш режа­лаштирилган. Давлат иштирокидаги корхона­лар фаолияти натижадорлиги ҳақидаги ахбо­ротларни Олий Мажлис палаталарида эшитиш амалиёти жорий этилади. Трансформация жараёни орқали аниқланган машинасозлик, тоғ-кон, нефть-газ ва геология тармоқларига қарашли 20 та корхона акцияларини бирламчи ва иккиламчи оммавий таклиф этиш орқали сотиш режалаштирилган. Соҳанинг ҳуқуқий асосини бугунги кун талабига мослаштириш учун тайёрланган “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги ва “Хусусийлаштириш тўғри­сида”ги қонунлар лойиҳалари йил охиригача Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилиши кутилмоқда.

    Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раиси маслаҳатчиси Баҳодир Али­мов ўз тақдимотида банкнинг маҳаллий давлат қимматли қоғозлар, валюта ҳамда халқаро облигациялар бозорларидаги фаолиятига эъ­тиборни қаратди. Маълумотга кўра, 2020 йил 14 апрелда банк ўзининг илк еврооблигациясини Лондон фонд биржаси (LSE)да жой­лаштирган. Айни пайтда навбатдаги халқаро облигацияни LSE орқали муомалага чиқариш жараёни якуний босқичда турибди. Шунингдек, валюта рискларини бошқариш мақсадида банк евроблигациясини Москва биржасида (MOEX) жойлаштириш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Россиянинг етакчи фонд биржа­си бўлган MOEXда банк облигацияларининг жойлаштирилиши Ўзбекистон учун биринчи марта бўлади ва бошқа корпоратив эмитент­ларга бенчмарк сифатида хизмат қилади.

    “Ўзметкобинат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Татьяна Будей­нинг қайд қилишича, ҳозиргача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун асосан корхонанинг ўз маблағи ва тижорат банклари кредитларидан фойдаланиб келинган, жамият­да дивиденд сиёсати нотўғри йўлга қўйилган. Бунда бир қатор қийинчиликларга дуч келин­ган. Бугунги кунда бошқа молиявий манба­лардан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Йирик инвестиция лойиҳаларига хорижий банклар, масалан Россия ва Европа Иттифоқи банклари кредитларини жалб қилишга эъти­бор берилмоқда. Шунингдек, 2023 йилда кор­хона акцияларини IPO воситасида сотиш ва евробондларни чиқариш орқали халқаро фонд бозорига чиқиш режалаштирилган.

    Буюк Британиянинг Ansher Investments LLP холдинг компанияси таркибига кирувчи ва мамлакатимизда, шунингдек, минтақа ҳамда халқаро даражада муваффақиятли тарзда ўз биз­несини юритаётган Ansher Capital компанияси бошқарувчи директори Аббосхон Расулев кор­поратив облигациялар бозоридаги муаммолар ва уни ривожлантириш истиқболларига тўхта­либ ўтди. Унинг қайд этишича, юртимизда об­лигациялар бўйича иккиламчи бозор ривожла­ниши суст, ликвидилилик даражаси паст, яъни облигация эгаси зарур бўлган тақдирда уни қисқа муддатда сотиш ва даромад олиш имко­ниятидан фойдалана олмайди. Фонд биржасида маркет-мейкер институтининг мавжуд эмасли­ги корпоратив облигацияларни сотиб олиш ва қисқа муддатда сотиш учун имконият йўқ деганидир. Биржада кўпинча корпоратив об­лигацияларни бирламчи жойлаштириш бўйича битимлар ўтади. Маркет-мейкерлар ўз фаолия­тини йўлга қўйиши учун қисқа муддатли банк кредитларини олиши борасида ҳам шароит йўқ, чунки, банкларнинг ўзида маблағ етишмовчи­лиги бор. Бозор инфратузилма ташкилотларига ва эмитентларга ишонч йўқлиги туфайли унда инвесторлар сони кам. Йирик давлат компани­ялари капитал бозори салоҳиятидан фойдалан­ган ҳолда корпоратив облигациялар чиқариши ҳамда ислом молияси воситаларидан фойдала­ниш имкониятини яратиш муҳим аҳамият касб этади.

   Мамлакатимиз фонд бозорида 2018 йилдан буён фаол иштирок этаётган, юртимизда илк бор IPO ва SPOнинг халқаро стандартлари­га мувофиқ акцияларни сотиш жараёнларида андеррайтер сифатида хизмат қилган АҚШ­нинг “Freedom Holding Сorp” компанияси шўъба корхонаси — “Фридом Финанс” хори­жий компанияси ижрочи директори Евгений Можейко ўз таҳлилий тақдимотини намойиш этиш билан бирга, ушбу бозор равнақини таъ­минлашга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурди. Унинг фикрига кўра, маҳаллий эмитентларнинг акцияларини IPO ва SPO орқали сотишни ҳам ички, ҳам ташқи бозорда йўлга қўйиш, Ўзбекистон валюта биржасида чел эллик инвесторларга давлат облигацияла­рини сотиб олишига рухсат бериш, маҳаллий фонд биржасида хорижий қимматли қоғоз­ларни листингдан ўтказиш, биржаларда лик­видлиликни кўтариш мақсадида корпоратив ва давлат қимматли қоғозлари билан репо би­тимларини амалга ошириш учун шароитларни яхшилаш фойдадан холи бўлмайди.

   Халқаро анжуман давомида Россия, Қо­зоғистон банклари, инвестицион компаниялари, халқаро молия ва рейтинг ташкилот­лари вакиллари томонидан ҳам маърузалар тақдим этилди, капитал бозорига оид фаоли­ят, илғор амалиёт ва тажрибалар, соҳа бўйича ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.

     Тадбир якунида мезбон ва меҳмон томон вакилларининг таассуротлари ҳамда фикрла­ри билан қизиқдик.

   Баҳодир Атаханов – Инвестиция инсти­тутлари миллий уюшмаси раиси: — Ўзбекистонда капитал бозори янги ри­вожланиш босқичига чиқиши учун инвести­ция муҳитини янада ях­шилаш, яъни инвестор­лар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қи­линишига ишонч ҳосил қилиш ҳамда молия бо­зори секторлари ўртасида соғлом рақобатни яратиш, мазкур секторларга давлат кўмаги ва ресурслар тақсимоти тенглигини (парите­тини), яъни адолатли тақсимотини таъмин­лаш зарур. Шунингдек, юртимизга хорижий инвесторларнинг кенг қатламини жалб қи­лиш орқали халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлат банкларидан молиявий то­беликни камайтириш учун йирик маҳаллий корхоналар ва тижорат банкларида халқаро тамойиллар асосида тўғри корпоратив бошқарувни ташкил этиш ва улар фаолиятининг шаффофлигигига эришиш лозим. Хусусан, давлат иштирокида ҳамда давлат фондлари ва давлат холдинг компаниялари иштироки­да фаолият кўрсатаётган реал сектор корхо­налари, молия ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви, мансаб суиистъемоллиги ҳамда коррупциянинг олдини олишга катта эъти­бор қаратилиши даркор. Бундай ташкилотлар кузатув кенгашлари, тафтиш комиссиялари ва ички аудит хизматларига киритиш учун ўз фикрини бемалол айта оладиган, қатъиятли, тажрибали мутахассислардан ҳақиқий мустақил аъзолар синфини ташкил этиш ва бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш керак. Инвестиция институтлари миллий уюшмаси бу борада давлатга тегишли кўмак кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, Молия вазирлигининг вазифа ва функциялари кўплиги, уларнинг хилма-хиллигини инобатга олиб, халқаро тажрибага таянган ҳолда молия бозори секторларини мувофиқлаштириш ва тартибга солишда миллий уюшмамиз ўз-ўзи­ни бошқарувчи нодавлат нотижорат ташки­лот сифатида иштирок этишга тайёр.

   Сергей Лялин – Cbonds компаниялар гуруҳи бош директори: — Икки йилдан сўнг, Ўзбекистон томондан яратилган шароит ту­файли навбатдаги анжуманни бу ерга ташриф буюрган ҳолда самарали тарзда ўтказишга муваффақ бўлдик. Шуни таъкидламоқчиман­ки, биз Ўзбекистон капитал бозорини доимо кузатиб борамиз. Юртингизга келишдан ол­дин ҳам бу ҳақдаги маълумотлар билан қайта танишиб чиқдим. Тадбир давомида эса янада кўпроқ ахборотга эга бўлдим. Агар бундан икки йил олдинги ҳолат билан ҳозирги жа­раён таққосланса, анча катта фарқни кўриш мумкин. 2019 йилдаги анжуманда тақдим этилган маърузалар мазмуни асосан ислоҳот­ларнинг режалаштирилаётган ва кутилаёт­ган чораларидан иборат бўлган эди. Бу галги чиқишларда Ўзбекистон капитал бозоридаги муайян натижалар ва янгиланиш жараёнлари баён қилинди. Чунончи, халқаро облигация­лар чиқарилишига эришилган. Корпоратив бондлар бўйича, ҳажм кам бўлсада, силжишлар бор. Ички бозор кўлами ҳамон кичик бўлсада, у ишлаяпти. Ўзбекистонда мавжуд акция­дорлик жамиятларининг бешдан бир қисми акциялари фонд биржаси листингига кири­тилган бўлиб, биржа айланмасида барқарор иштирок этмоқда. Улар орасида ликвидли акциялар ҳам мавжуд. Ўзгаришлар кузати­лаётганига қарамай, молия бозорининг ҳар бир сегментини ривожлантиришга зару­рат ҳам кўзга ташланаяпти. Чунки, масалан қимматли қоғозлар бозори Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий имконияти ва салоҳияти даражасига мос эмас. Бу борада давлат об­лигацияларининг иккиламчи сотувини таш­киллаштириш, акциялар сонини, корпоратив облигациялар чиқарилувини кўпайтириш, жисмоний шахсларни қимматли қоғозлар олди-сотдисига кўпроқ жалб қилиш мақсад­га мувофиқ. Ушбу бозорга иқтисодий ти­зимнинг муҳим бир бўлаги, деб қараб, талаб ва таклифни инобатга олган ҳолда комплекс ёндашиш лозим. Бизнинг компаниямиз хо­рижий инвесторларнинг Ўзбекистон капитал бозорига қизиқишини оширишда кўмак кўр­сатиш ниятида. Ўз навбатида Россия капитал бозорида ўзбек эмитентларининг иштиро­кини ҳам кутиб қоламиз.

Журналист Замира ТОЖИЕВА        

Davlat regulyatorlari yangiliklari

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech