УСТАВ
Национальной ассоциации инвестиционных институтов
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Инвестиция институтлари миллий уюшмаси (матнда «Уюшма» деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик кодекси ҳамда бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатлари, шунингдек мазкур Устав асосида фаолият юритади.
2. Уюшма юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган нотижорат ташкилотидир.
3. Қуйидаги юридик шахслар Уюшманинг таъсисчи аъзолари деб ҳисобланади:
- «Toshkent Investitsiya Majmui» Хусусий корхонаси (почта манзили: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кучаси, 107 уй; Тошкент шаҳар, Мирзо-Улугбек тумани Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси томонидан 2019 йил 18 ноябрда 002117- сон билан рўйхатга олинган);
- «Ansher Capital» Масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси (почта манзили: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, 2-тор К.Мавзук кўчаси, 38-уй; Тошкент шаҳар, Олмазор тумани Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси томонидан 2009 йил 27 августда 1133- сон билан рўйхатга олинган);
- «Portfolio Investments» Масъулияти чекланган жамияти (почта манзили: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустакиллик шох кўчаси, 107-уй; Тошкент шаҳар, Миробод тумани Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш Инспекцияси томонидан 2012 йил 25 майда 005849-03- сон билан рўйхатга олинган);
- «Premium Finance» Масъулияти чекланган жамияти (почта манзили: 100021, Тошкент шаҳри, Шайхантоҳур тумани, Навоий кўчаси, 40 уй; Тошкент шаҳар, Шайхантоҳур тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона дарча маркази томонидан
2016 йил 10 октябрда 009518-09 сон билан рўйхатга олинган); - «Kapital-Depozit» Масъулияти чекланган жамияти (почта манзили: Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчаси, 25-уй; Тошкент шаҳар, Миробод тумани Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйҳатидан ўтказиш инспекцияси томонидан 2005 йил 07 июнда 000988-03- сон билан рўйҳатга олинган);
- «Freedom Finance» Масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси (почта манзили: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси,
107Б-уй; Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 08 февралда 575015- сон билан рўйхатга олинган); - «Bluestone Financial Group Inc» Масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси (почта манзили: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107Б-уй; Тошкент шаҳар, Олмазор тумани Давлат хизматлари маркази 2020 йил 15 январда 801198- сон билан рўйхатга олинган);
- «RB Asia» Масъулияти чекланган жамияти (почта манзили: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Афросиёб кўчаси, 4Б-уй; Тошкент шаҳар, Миробод тумани Ягона дарча маркази томонидан 2017 йил 07 сентябрда 541819- сон билан рўйхатга олинган);
- «Osiyo Sarmoya Depo» Масъулияти чекланган жамияти (почта манзили: Тошкент шаҳри, А. Қодирий кўчаси, 2-уй; Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани ҳокимлиги томонидан 2011 йил 03 февралда 006351-10-сон билан рўйхатга олинган).
Уюшма аъзоларининг таркиби, Уюшма аъзолигига бошқа юридик шахсларнинг кириши эвазига ўзгариши мумкин.
4. Уюшма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг бутун чегараси доирасида амалга оширади.
5. Уюшма номи:
- Давлат тилида тўлиқ номи: «INVESTITSIYA INSTITUTLARI MILLIY UYUSHMASI», қисқача номи: «IIMU»;
- Рус тилида тўлиқ номи: «НАЦИОНАЛЬНАЯ АССОЦИАЦИЯ ИНВЕСТИЦИОННЫХ ИНСТИТУТОВ», қисқача номи: «НАИИ»;
- Инглиз тилида тўлиқ номи: «NATIONAL ASSOCIATION OF INVESTMENT INSTITUTIONS», қисқача номи: «NAII» деб аталади.
6. Уюшма фаолият муддати чегараланмаган.
7. Уюшма манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Мирзо Улугбек тумани, Паркент даҳа, 15А уй.
8. Уюшма Устави ва ички ҳужжатлари билан унинг аъзолари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шахслар танишиши мумкин.
9. Уюшма аъзолик бадали миқдори бир календар ойига 2,5 млн (икки миллион беш юз минг) сўмни ташкил этади. Аъзолик бадалини ўзгартириш бўйича қарор Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан йиғилишда иштирок этаётган Уюшма аъзоларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.
II. УЮШМА МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
10. Уюшма қуйидаги мақсадларда тузилган:
- Уюшма аъзолари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлари билан бўлган муносабатларда Ўзбекистон Республикасида ва ҳорижда химоя қилиш;
- капитал бозорини барқарор ривожлантиришнинг истиқболли стратегиясини белгилашда иштирок этиш;
- Уюшма аъзоларини давлат бошқарув органлари билан алоқалар ўрнатган ҳолда соҳага оид янгиликлар ҳақида хабардор қилиш ва бошқа ахборот хизматларини кўрсатиш;
- молия бозори, шу жумладан капитал бозори фаолиятини тартибга солиш ва ривожлантириш буйича ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда қонун ҳужжатлар ва қоидаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқилишида ва қабул қилинишида катнашиш;
- капитал бозори профессионал иштирокчилари фаолияти самарадорлигини ошириш учун уларга методологик ва техник кўмак кўрсатиш;
- капитал бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда иштирок этиш;
- капитал бозори иштирокчилари фаолиятини такоминлаштириш ва ривожлантиришда ваколатли давлат органлар билан ҳамкорликда фаол иштирок этиш;
- капитал бозори иштирокчилари ўртасида соғлом рақобат мухитини яратиш ва инвесторларни бозорга бўлган ишончини оширишга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ва тадбиқ этишда катнашиш;
- капитал бозорига оид ахборотлар ўз вақтида ва тўлиқ ошкор этилишини ташкил этишда катнашиш;
- бошқа давлатлар молия бозорларидаги ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш ҳамда Уюшма аъзоларининг ҳорижий компаниялар билан ҳамкорлигини йўлга қўйшида кўмак кўрсатиш.
11. Уюшма белгиланган мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни бажаради:
- Уюшма аъзолари имкониятларини мувофиқлаштирган холда капитал бозорида фаолият юритишни стандартлаштиришда иштирок этиш;
- Уюшма аъзолари учун Одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш;
- молия бозори, шу жумладан капитал бозорини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органлари билан биргаликда капитал бозори иштирокчилари томонидан ноқонуний ва аҳлоқсиз ҳаракатларни олдини олишни таъминловчи қоидаларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этишда қатнашиш;
- капитал бозорини ташкил этиш, такомиллаштириш ва тартибга солиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда инвестиция институтлари ва бошқа капитал бозори иштирокчиларининг ролини кучайтириш учун тегишли чора тадбирларни амалга ошириш;
- Уюшма аъзолари, манфаатларини давлат ҳокимияти, суд, бошқа давлат орган ва муассасаларда қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилиш;
- Уюшма аъзолари ўртасида, шунингдек Уюшма аъзолари ва учинчи шахслар (давлат органлар ва бошқалар) ўртасида вужудга келган бахс ва низолар объектив (атрофлича) кўриб чиқилиши ва ҳал этилишда қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этиш;
- Уюшма аъзоларини хуқуқий, техник, ахборот ва услубият таъминоти масалаларида қўллаб-қувватлаш;
- капитал бозорини ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни амалга оширишда Уюшма аъзолари иштирокини мувофиқлаштириш;
- Уюшма аъзоларини ички ва халқаро капитал бозоридаги фаолиятини ривожлантириш мақсадида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан хамкорлик қилиш.
III. ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ
12. Уюшма мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун қуйидаги фаолият турларини амалга оширади:
- капитал бозорида фаолият юритиш принциплари, қоида ва стандартларини Уюшма аъзолари фаолиятида тадбиқ этишга кўмаклашиш;
- капитал бозорида профессионал фаолият юритиш принципларини, технологик стандартлари ва қўлланмаларини Уюшма аъзолари фаолиятида тадбиқ этишга кумаклашиш;
- молия бозори фаолияти билан боғлиқ қонун ва бошқа ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифларни давлат ташкилотларига Уюшма номидан киритиш;
- махаллий ва халқаро капитал бозори иштирокчиларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва уларни кенг тадбиқ этишда ёрдам кўрсатиш;
- турли семинарлар, конференциялар, танловлар ва бошқа анжуманлар ташкил этиш;
- ўқув-услубий қўлланма, реклама проспектлари, турли илмий-техник ҳужжатларни тайёрлаш, нашр этиш;
- Уюшма аъзоси бўлмаган молия бозорининг бошқа иштирокчилари ва уларнинг бирлашмалари (уюшмалари) билан хамкорлик ўрнатиш.
IV. УЮШМАНИНГ ХУҚУҚИЙ МАҚОМИ
13. Уюшма давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади. Уюшма ўз мулкига эга бўлади, ундан фойдаланади ва уни бошқаради. Уюшма ўз номидан шартномалар тузиш, мулкий ва номулкий хуқуқга эга бўлиш, мажбуриятларни бажариш, судда даъвогар ва жавобгар бўлиб қатнашиш хуқуқига эга бўлиб, Уюшма номи тушурилган мухр ва эмблемага эга бўлиб, Ўзбекистон Республикаси банкларида сўм ва валюта ҳисоб рақамларини очиб фаолият кўрсатади.
14. Уюшма давлат руйхатидан ўтган пайтдан бошлаб мулкий ва номулкий хуқуқига, ўз номидан шартномалар тузишга, судда даъвогар ёки жавобгар бўлишга ҳақлидир.
15. Уюшма, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ваколатхоналарини, филиалларини ташкил қилиш ҳамда турли хўжалик жамиятларнинг устав фондида улушларни эгалик қилиш йўли билан улар фаолиятларида қатнашиш ҳуқуқига эга.
16. Уюшма ўз мажбуриятлари юзасидан тассаруфидаги барча мол-мулки билан жавобгар бўлади.
Уюшма ўз аъзоларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди. Давлат ва унинг органлари Уюшманинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, худди шунингдек Уюшма ҳам давлат ва унинг органлари мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.
17. Уюшманинг барча аъзолари ўз мустақиллигини хамда юридик шахс мақомини сақлаб қоладилар. Уюшма ўз фаолиятини аъзолар ихтиёрийлиги ва тенг хуқуқлиги асосида амалга оширади.
18. Уюшма қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
- қонун билан белгиланган тартибда контракт, шартномалар ва келишув тузиш;
- Уюшма фаолияти билан боғлик бўлган масалаларни ҳал қилиш бўйича мутахассисларни чет элга хизмат сафарларига юбориш ва хорижий мутахассисларни таклиф этиш;
- давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан ўзининг фаолиятига доир хабар, ахборот ва маълумотлар олиш ҳамда ўз аъзолари эътиборига етказиш;
- мазкур Уставда белгиланган мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ, амалдаги қонун ҳужатарида назада тутилган бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши.
19. Уюшманинг мажбуриятлари қуйидагилардир:
- Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Уставда ва бошқа таъсис ҳужжатларида назарда тутилган қоидаларга риоя этиши;
- Солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиб бориш.
V. УЮШМАГА АЪЗОЛИК
20. Уюшма аъзоларини бирлаштириш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда фақат ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
21. Уюшма устави ҳамда бошқа ички меъёрий ҳужжатларни эътироф этадиган, белгиланган бадалларни ўз вақтида тўлайдиган юридик шахслар Уюшма аъзолари бўлиши мумкин.
Уюшмага аъзо бўлиш тартиби қонун ҳужжатлари, мазкур Устав ва Уюшманинг бошқа ички ҳужжатлари билан белгиланади.
22. Уюшмага аъзоликка қабул қилиш номзодлар аризасига ва Уюшма Ижроия органи раҳбари хулосасига асосан Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиш қарори билан амалга оширилади.
23. Уюшма таркибидан ихтиёрий чиқиш Уюшма аъзосининг аризасига асосан Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиш қарори билан амалга оширилади.
24. Уюшма аъзолигидан мажбурий чиқариш Уюшма Ижроия органи хулосасига асосан Уюшма Аъзоларининг умумий йиғлиш қарори билан амалга оширилади.
Уюшма аъзолигидан мажбурий чиқаришга қуйидагилар асос бўлади:
- Уюшма фаолиятига, шу жумладан унинг мақсадларига эришиш ва вазифаларни бажаришга атайин ва (ёки) била туриб тўсқинлик қилиш;
- Ўзбекистон Республикаси акциядорлик жамиятлари ва қимматли қоғозлар бозори тўғрисида конун ҳужжатлари Уюшма аъзоси томонидан қўпол равишда ва (ёки) сурункали равишда бузилиши;
- мазкур Устав ва Уюшманинг бошқа ички ҳужжатлари талабларини Уюшма аъзоси томонидан атайин ва (ёки) била туриб бузилиши;
- Уюшма томонидан белгиланган профессионал фаолият юритиш қоида ва стандартларини ёки Одоб-аҳлоқ қоидаларига атайин ва (ёки) била туриб риоя қилмаслик;
- Уюшма бошқарув органларининг қарорларига, огоҳлантиришларга қарамасдан, риоя қилмаслик;
- аъзолик бадаллари сурункали равишда Уюшма аъзоси томонидан тўланмаслик.
25. Уюшма аъзолигидан чиқариш Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилилиши томонидан барча аъзоларининг учдан икки қисмдан кўп овоз билан қабул қилинган қарори асосида амалга оширилади. Юридик шахс Уюшма аъзолигидан чиқарилган кундан бошлаб Уюшмада унинг ваколати тўхтатилади.
Уюшма аъзоси аъзоликдан чиқарилганда Уюшмага тўлаган бадаллари ва бошқа турдаги тўловлари қайтарилмайди.
VI. УЮШМА АЪЗОЛАРИНИНГ ХУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
26. Уюшманинг аъзолари тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.
27. Уюшма аъзоси Уюшмага тўлаган бадаллар ва бошқа турдаги тўловлар миқдоридан қатъий назар унга қўшима ваколат, имтиёз ва бошқа турдаги устунлик берилишига йўл қўйилмайди.
28. Уюшманинг аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Уюшма бошқарувида мазкур Устав ва қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этиш;
- Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиши ва Директорлар кенгаши мажлисига Уюшма ва унинг органлари, аъзолари фаолияти билан боғлиқ таклиф бериш;
- Уюшмага аъзолик мақомидан ўз фаолияти давомида қонун ҳужжатлари ва Уюшма ички ҳужжатлари қоидалари доирасида фойдаланиш;
- Уюшма ихтиёридаги ахборотлар ва ижроия органи маслаҳатларидан фойдаланиш;
- Уюшма таркибидан ихтиёрий чиқиш.
Уюшма аъзолари қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
29. Уюшма аъзосининг мажбуриятлари:
- Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
- мазкур Устав ва Уюшманинг бошқа ички ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
- Уюшмага аъзолик мақомини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик;
- тадбиркорлик фаолиятни юритишда соғлом рақобатни қўллаб-қувватлаш;
- Уюшма бошқарув органларининг ваколати доирасидаги қарорларини бажариш;
- Уюшмага аъзолик бадалларини ўз вақтида ва белгиланган тартибда тўлаш.
Уюшма аъзолари қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга.
VII. УЮШМА БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ
30. Уюшмада қуйидаги бошқарув органлари ташкил этилади ва фаолият юритади:
- Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиши (олий бошқарув органи);
- Уюшма Директорлар кенгаши;
- Уюшма Бошқаруви (Уюшма Ижроия органи).
Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилиши
31. Уюшма Аъзоларинининг умумий йигилишида (кейинги ўринларда – АУЙ) Уюшма аъзолари овоз бериш йўли билан иштирок этади.
32. Уюшма АУЙ мутлоқ ваколатлари қуйидагилардан иборат:
- мазкур Уставга ўзгартириш ва кўшимчаларни киритиш, уни янги таҳрирда қабул қилиш;
- Уюшма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;
- Уюшма фаолиятини тўхтатиш ёки қайта ташкил этиш ҳақидаги қарор қабул қилиш;
- Уюшма аъзолик тартиби, шу жумладан ҳар ойлик бадали хамда Уюшма аъзоларининг мазкур Уставдан бошқа вазифа ва мажбуриятларни белгилаш;
- Уюшмага Директорлар кенгаши аъзоларини сайлаш, уларни ваколатларини узайтириш ёки муддатдан олдин бекор қилиш;
- Уюшма Ижроия органи раҳбарини тайинлаш (сайлаш), унинг ваколатини узайтириш ҳамда муддатдан олдин бекор қилиш, мазкур Уставда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- Уюшма асосий воситаларини ижарага бериш ва (ёки) бошқача бегоналаштириш бўйича қарорлар қабул қилиш;
- Уюшманинг ҳар йиллик хўжалик фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини ва ушбу ташкилотнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдорини белгилаш, мазкур Уставда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- Уюшмага аъзоларни қабул қилиш, аъзоларни уюшмадан чиқариш;
- Уюшма АУЙ қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.
33. АУЙнинг ваколат доирасига киритилган масалалар Уюшма Директорлар кенгаши ва Ижроия органи ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас, мазкур Уставда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
34. АУЙ Директорлар кенгаши томонидан бир йилда камида бир маротаба чақирилади. Директорлар кенгаши томонидан АУЙни чақириш имконияти бўлмаганда Ижроия органи раҳбари АУЙни чақиришга ҳақли.
35. АУЙ барча аъзоларнинг камида 60 фоизи АУЙда иштирок этганда ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.
Уюшма уставига ўзгартиришлар киритиш, уюшмани қайта ташкил этиш, тугатиш масалалари Уюшма АУЙ томонидан йиғилишда иштирок этаётган Уюшма аъзоларининг камида 4/3 қисми овози билан ҳал қилинади.
36. АУЙ чақирилиши ҳақидаги хабар йиғилиш ўтказиладиган кундан камида 15 кун олдин Уюшма аъзоларига ёзма хабарнома ва (ёки) электрон почта манзили орқали етказилади. Агар АУЙни чақираётган органнинг қарорида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, АУЙ ўтказилиши ҳақида эълон Уюшма веб-сайтида ҳам жойлаштирилади.
37. АУЙ кун тартибига қўйиладиган масалалар Директорлар кенгаши ва (ёки) Ижроия органи ташаббуси ёҳуд Уюшма барча аъзоларининг камида 20 фоизи томонидан киритилиши мумкин.
38. Навбатдан ташқари АУЙ кун тартиби йиғилиш ташаббускори томонидан киритилган масалалар юзасидан Директорлар кенгаши томонидан белгиланади. АУЙ бошлангандан сўнг кун тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.
39. АУЙда Уюшма ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади.
40. АУЙда қарорлар йиғилишда иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади, мазкур Уставда назарда тутилган ҳолларда кўпроқ овоз талаб этилиши мумкин.
41. АУЙ давомида овозга қўйилган қарорлар бўйича Уюшма аъзоларининг «Тарафдор» ва «Қарши» овозлари сони тенг бўлган ҳолларда, Уюшма Директорлар кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
42. АУЙ баённомасида қуйидагилар:
- йиғилиш ўтказиш жойи, санаси, бошланган вақти;
- йиғилишда иштирок этаётган барча шахслар ҳақида маълумот, уларнинг исми-шарифи, ва қайси ташкилот номидан иштирок этаётганлиги;
- йиғилишнинг раиси (раёсати) ва котиби;
- йиғилиш кворум;
- йиғилиш кун тартиби;
- ҳар бир масала бўйича маърузаларнинг асосий мазмуни;
- йиғилиш қабул қилган қарорлар;
- йиғилиш қабул қилган қарорлар бўйича овоз бериш натижалари (“Тарафдор”лар, “Қарши”лар ва “Бетараф”лар сони) кўрсатилиши лозим.
43. Баённома АУЙ ўтган кундан 5 иш кунидан кечиктирмай икки нусхада тузилади.
Ҳар иккала нусха ҳам АУЙда раислик қилувчи ва йиғилиш котиби томонидан имзоланади ва Ижроия органига ижро ва сақлаш учун тақдим этилади. Йиғилишда қабул қилинган қарорлар ҳақида расмий маълумот Ижроия органи орқали қисқа муддатда тарқатилади.
44. АУЙда Уюшма Ижроия органининг раҳбари, унинг ходимлари ва бошқа жалб қилинган экспертлар овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин.
Уюшма Директорлар кенгаши
45. Уюшма Директорлар кенгаши коллегиал бошқарув органи бўлиб, Уюшма АУЙлари оралиғида уюшма фаолиятига мазкур Устав билан берилган ваколатлар доирасида умумий раҳбарлик қилади.
Директорлар кенгашининг раиси кенгаш аъзолари таркибидан кенгаш аъзолари томонидан кўпчилик овоз билан бир йилга сайланади ва ҳар йили ўзгаради.
46. Уюшма Директорлар кенгаши аъзолари сони Уюшма аъзолари сони 50 тагача бўлганда – 7 кишидан, 100 тагача бўлганда – 11 кишидан, Уюшма аъзолари сони 100 тадан ортиқ бўлганда 15 кишидан иборат бўлиши мумкин.
47. Директорлар кенгаши таркибий тузилиши Уюшма АУЙ томонидан белгиланади.
Директорлар кенгаши аъзолари Уюшма фақат аъзолари таркибидан сайланади.
48. Директорлар кенгаши фаолиятини такомиллаштириш учун унинг қошида Маслаҳат кенгаши тузилиши мумкин. Маслаҳат кенгашига Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда ўз фаолияти билан юқори обрў қозонган ва юқори малакали, халқаро ташкилотлар, чет эл сармоялари киритилган корхоналар, чет эл банклари ва компаниялари ваколатхоналарида фаолият юритаётган Ўзбекистон ёки чет эл фуқаролари жалб этилади.
49. Директорлар кенгаши аъзоларига аъзолик учун мукофот тўланмайди.
Айрим ҳолатларда АУЙ қарорига асосан Директорлар кенгашининг аъзоларига фаолияти учун хақ тўланиши мумкин. Бундай ҳолда тўланадиган хақ миқдори ва тартиби АУЙ томонидан белгиланади.
50. Директорлар кенгаши аъзолари бир йил муддатга сайланади. Директорлар кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган тарзда қайта сайланиши мумкин.
51. Директорлар кенгаши аъзоларининг ваколати муддатидан илгари АУЙ қарори билан тугатилиши мумкин.
52. Директорлар кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:
- Уюшма мақсадларига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Уюшма Ижроия органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда Уюшма фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;
- Уюшманинг Ижроия органи томонидан тайёрланиб, такдим этилган Уюшма йиллик молия режасини тасдиқлаш ва унга ўзгартиришлар киритиш;
- Уюшма йиллик молиявий режаси бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ва йиллик бухгалтерия ҳисоботларни тасдиқлаш;
- Уюшма Ижроия органи раҳбарининг келажак режаларнинг бажарилиши борасидаги ҳисоботини тасдиклаш;
- Уюшма Ижроия органи раҳбари таклифига асосан Уюшманинг ваколатхоналарини ва филиалларини очиш, Уюшманинг бошқа хўжалик жамиятларда иштироки борасида қарор қабул қилиш;
- Уюшма аъзоларининг навбатдаги ва навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш;
- Уюшма аъзолари ва бошқа молия бозори иштирокчиларидан, Уюшма асосий фаолияти билан боғлиқ турли лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш учун молиявий ва бошқа ёрдам кабул килиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилаш;
- Уюшма Ижроия органи раҳбарини Уюшманинг мақсадлари ва вазифаларига риоя қилинмаганда, мазкур Устав талаблари ҳамда АУЙ ва Директорлар кенгаши қарорлари ижроси сурункали равишда узрсиз сабабларга кўра таъминланмаган ҳолатларда лавозимдан муддатдан илгари озод этиш ва АУЙ ўтказилгунга қадар раҳбар вазифасини бажарувчи шахсни тайинлаш;
- Уюшма Ижроия органи раҳбари фаолиятини умумий назоратини олиб бориш;
- Уюшма Ижроия органининг ва аъзоларининг аффилланган шахслари билан ҳамда қиймати Директорлар кенгаши томонидан белгиланган миқдордан кўп бўлган Уюшма мулкини тасарруф этиш билан боғлиқ битимларни маъқуллаш;
- Уюшманинг Директорлар кенгаши қошида Маслаҳат кенгаши, шу жумладан қўмита ва комиссияларини ташкил этиш, тўхтатиш, вазифалари ва муддатларини белгилаш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш;
- Уюшманинг ҳар йиллик хўжалик фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа аудиторлик текшируви (ўрганиш)ни ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини ва ушбу ташкилотнинг хизматларига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдорини белгилаш;
- Уюшма Ижроия органи раҳбарига тўланадиган ҳақ (мукофот) ва (ёки) компенсацияларни миқдорларини белгилаш;
- Уюшманинг давлат ва жамоат ташкилотлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари билан хамкорликни йўлга қўйиш стратегиясини белгилаш;
- Уюшма аъзолари ва Ижроия органи раҳбари таклиф ва эътирозларини кўриб чиқиш ва шу масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш.
53. Уюшма Директорлар кенгаши мажлиси, Кенгаш аъзоларининг камида 75 фоиз аъзолари мажлисда иштирок этгандагина ваколатли ҳисобланади.
Директорлар кенгаши мажлиси, мажлисда қатнашувчи Кенгаш аъзоларининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Директорлар кенгаши йиғилишида аъзоларнинг «Тарафдор» ва «Қарши» овозлари сони тенг бўлган ҳолларда, Уюшма Директорлар кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
54. Директорлар кенгашининг мажлисида баённома юритилади ва у мажлис ўтказилганидан сўнг 5 иш кунидан кечиктирмай тузилади. Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
- мажлис ўтказилган сана, вақт ва жой;
- мажлисда ҳозир бўлган шахслар;
- мажлиснинг кун тартиби;
- овоз беришга қўйилган масалалар, улар юзасидан ўтказилган овоз бериш якунлари;
- қабул қилинган қарорлар.
Директорлар кенгаши мажлисининг баённомаси мажлисда иштирок этаётган барча кенгаш аъзолари томонидан имзоланади ва 2 иш куни ичида Уюшма Ижроия органига ижро этиш учун топширилади.
55. Директорлар кенгашининг раиси:
- кенгашнинг самарали фаолиятини таъминлаш борасидаги ишларни ташкил этади;
- кенгаш мажлисларини чақириш, унинг ишини ҳамда мажлис учун керакли ҳужжатларни тайёрлашни ташкил этади;
- кенгаш мажлисларида раислик қилади;
- мажлисларда баённома юритилишини ташкил этади ва уни имзолайди;
- АУЙда раислик қилади, мазкур Уставда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- Директорлар Кенгаши қарорларининг бажарилиши устидан назорат олиб боради;
- Ижроия органи раҳбари билан Уюшма номидан меҳнат шартномасини тузади;
- Уюшма фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни кенгаш ваколати доирасида АУЙни қарорига асосан амалга оширади.
Уюшманинг Маслаҳат кенгаши
56. Маслаҳат кенгаши Уюшма Директорлар кенгашининг консультацион-маслаҳат органи бўлиб, унинг таркиби Уюшма Ижроия органи раҳбарининг тавсиясига кўра Уюшма Директорлар кенгашининг қарори билан тасдиқланади.
57. Маслаҳат кенгашининг сон таркиби чегараланмайди, унинг аъзоларига ҳақ тўланмайди.
58. Маслаҳат кенгаши фаолияти Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланадиган қоида асосида амалга оширилади.
59. Маслаҳат кенгашининг асосий мақсад ва вазифалари:
- капитал бозорида юзага келган долзарб масалаларни муҳокама этиш ва улар бўйича ўз таклиф ва мулохазаларини Директорлар кенгашига тақдим этиш;
- капитал бозори қатнашчиларининг хуқуқ ва манфаатларини химоя қилиш бўйича қабул қилинган ва тайёрланаётган меъёрий ҳужжатлар юзасидан таклиф ва мулохазалар билдириш;
- капитал бозорининг самарали фаолият кўрсатиши бўйича халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда тавсиялар бериш;
- капитал бозори қатнашчилари ўртасида юзага келган зиддиятларни ҳал этиш юзасидан маслаҳатлар бериш;
- капитал бозорини такоминлаштириш ва ривожлантириш бўйича давлат ташкилотларига киритилган таклиф ва мулоҳазаларни тайёрлашда қатнашиш;
- Уюшма Ижроия органи томонидан Директорлар кенгашига тақдим этиладиган Уюшма фаолиятининг йиллик режаси лойихасини кўриб чиқиш ва ўз таклиф ва мулоҳазаларини Директоралар кенгашига тақдим этиш;
- Уюшма фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини тақдим этиш.
Уюшма Ижроия органи
60. Уюшманинг кундалик фаолиятига раҳбарлик Уюшма Ижроия органи томонидан амалга оширилади. Ижроия органи АУЙнинг ва Директорлар кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.
61. Ижроия органи унинг раҳбари (раиси) дан ташкил топади ва у фақат АУЙ ва Директорлар кенгашига ҳисобдордир. Уюшма Директорлар кенгаши ва Маслахат кенгаши ўз вазифаларини бажаришларида ишчи органи ҳисобланади.
Ижроия органи ташкил тузилмаси Уюшма Директорлари кенгаши томонидан, Уюшма Ижроия органи раҳбари тавсиясига асосан тасдиқланади.
62. Ижроия органининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:
- Уюшма жорий фаолиятини амалга ошириш;
- Уюшма номидан ишончномасиз мазкур Устав асосида иш юритиш, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалаш, Уюшма номидан хатлар имзолаш, шартнома, келишув, меморандум ва бошқа битимлар тузиш;
- Уюшманинг хуқуқ ва манфаатларини давлат бошқарув органларида, суд ва бошқа ташкилотлар олдида ҳимоя қилиш;
- Уюшмага мустақил равишда ишчи ва ходимларни ишга ёллаш (ишдан бўшатиш), улар билан шартномалар тузиш, штатлар тасдиқлаш;
- Уюшма ваколатхона ва филиаллари раҳбарини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
- Уюшманинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва уларга кўрсатмалар бериш;
- Уюшманинг жорий ва келажак режаларини ишлаб чиқиш ва уни Директорлар кенгаши муҳокамасига тақдим этиш;
- Уюшма молиявий режа лойихасини ишлаб чиқиш ва Директорлар кенгаши муҳокамасига тақдим этиш;
- Уюшма ваколатхоналари ва шўъба корхоналарини очиш ва уларнинг фаолиятини якунлаш ҳамда Уюшманинг бошқа юридик шахсларда иштирок этиши бўйича Директорлар кенгашига таклифлар киритиш;
- Уюшма аъзолари ва бошқа молия бозори иштирокчиларидан, Уюшма асосий фаолияти билан боғлиқ турли лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш учун молиявий ва бошқа ёрдам кабул килиш ва ундан фойдаланиш бўйича Директорлар кенгашига таклифлар бериш;
- Уюшма Директорлар кенгаши қошидаги қўмита ва комиссиялар фаолиятини ташкил этиш;
- Уюшма аъзоларини навбатдаги ва навбатдан ташқари АУЙ ҳақида хабардор қилиш;
- АУЙ ва Директорлар кенгаши қарорлари хақида Уюшма аъзоларини хабардор қилиш;
- АУЙ ва Директорлар кенгаши қарорлари ижросини таъминлаш;
- Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган молиявий режа асосида Уюшманинг пул маблағлари ва бошқа мулкларини бошқариш;
- АУЙ ва Директорлар кенгаши ваколатларига кирмаган бошқа масалалар.
VIII. УЮШМА МУЛКИНИНГ МАНБАЛАРИ
63. Уюшма мулки қуйидаги манбалар ҳисобига ташкил этилади:
- Уюшма аъзолари бадаллари ва бошқа молиявий ёрдам пуллари;
- грантлар ва ҳомийликлик маблағлари;
- Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан ман этилмаган бошқа тушумлар.
64. Уюшма тушумлари ва даромади фақат мазкур Устав АУЙ ва Директорлар кенгаши белгилаган мақсадларга эришиш учун ишлатилади ва Уюшма таъсисчилари орасида уларнинг даромади сифатида тақсимланмайди.
IX. УСТАВГА ҚЎШИМЧА ВА УЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ
65. Мазкур Уставга қўшимча ва ўзгартириш киритиш бўйича қарор АУЙ иштирок этаётган Уюшма аъзоларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.
66. Уюшма Аъзоларининг умумий йиғилишига мазкур Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги таклифлар Уюшма Директорлар кенгаши, Уюшманинг 20% кўп аъзолари ва Ижроия органи раҳбарининг таклифлари билан киритилиши мумкин.
67. Мазкур Уставга киритилган ўзгартириш ва кўшимчалар Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартиб в муддатларда давлат рўйхатидан ўтказилади.
X. УЮШМАДА ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ ТАРТИБИ
68. Уюшма, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида, молия ва статистик ҳисоб ва ҳисоботларни олиб боради ҳамда тегишли давлат органларига қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тақдим этади.
69. Уюшма Ижроия органи қонунчилик талабалари асосида ҳисоботларда акс эттирилган маълумотларнинг хаққонийлиги ва ҳужжатларнинг (бошқарув, молия-хўжалик ва бошқа) ўрнатилган тартибда сақланиши учун жавобгардир.
70. Уюшманинг молия-хўжалик йили 1 январдан 31 декабргача белгиланади.
XI. УЮШМА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ВА ТУГАТИЛИШИ
71. Уюшма қайта ташкил этилиши (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва қайта тузиш) ёки тугатилиши Уюшма АУЙ, суд қарорига ёки қонунларда кўрсатилган бошқа асосларга кўра амалга оширилади.
Уюшма АУЙ қарорига кўра тугатилаётган бўлса, бу ҳақда зудлик билан руйхатга олган органни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
72. Уюшмани қайта ташкил этилганда унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари янги ташкил этилган ташкилотга ўтказилади.
73. Уюшма фаолиятининг тугатилиши жараёни тугатиш комиссияси томонидан амалга оширилади.
74. Уюшма фаолиятининг тугатилиши давомида барча кредиторлар билан ҳисоб-китоблар ўрнатилган тартибда амалга оширилади. Тугатиш комиссияси Уюшма тугатилиши ҳақида матбуотда хабар беради ва кредиторларнинг талабларини билдириш тартиби ва муддатини белгилайди, бу муддат тугатиш ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги лозим.
75. Уюшма ихтиёрида кредиторлар билан ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан сўнг қолган мол-мулки Уюшма АУЙ қарорига асосан бошқа нотирожат ташкилотларига берилади ёки, шунга ўхшаш беғараз мақсадларда ишлатилади, қонун ҳужжатларида қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно. Уюшма мол-мулки унинг аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.
76. Уюшма фаолиятига тегишли барча ҳужжатлар янги ташкил этилган ташкилотга ёки давлат ташкилотлари архивга топширилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Уюшма фаолияти тугатилганлиги ҳақида тегишли давлат реестрига ёзув киритилгандан сўнг Уюшма фаолияти тугатилган ҳисобланади.
Рег. Агентством при Министерстве юстиции РУз. 10.02.2021г. №313/1771